+998 79 223 42 15

Мақсад – олдиндан хабар бериш, вазифа - ҳаётларни сақлаб қолиш

1 дақиқа 3 010 кўришлар

Зилзила энг ҳалокатли табиий ҳодисалардан бири бўлиб, у нафақат ҳалокатли вайронагарчиликни келтириб чиқаради, балки бутун сайёра бўйлаб ҳар йили ўнлаб ва юз минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлиб келмоқда. Зилзилалар ҳар доим ўз кучи, олдиндан айтиб бўлмайдиганлиги ва оқибатлари билан одамларни даҳшатга солиб келган. Айнан башорат қилиб олмаслик уларни жуда ҳам хавфли қилади.

Бу Ўзбекистондаги учта илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик йўналишларидан бирига айланди. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлими халқаро алоқалар ва тижоратлаштириш масалалари бўйича раис ўринбоси Қувондиқ Нурбоев, Физика-техника институти директори Хусниддин Олимов ва Ғ.А. Мавлонов номидаги Сейсмология институти директори Ваҳоб Рафиковлар ўртасида музокоралар ўтказилди. Улар натижасида Илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисида уч томонлама келишув имзоланди.

Ма'лумки, зилзилалардан олдин тектоник плиталарнинг ҳаракати билан боғлиқ геологик жараёнлар натижасида радиоактив газ - радон ердан ташқарига чиқади ва унинг миқдори кескин ошади. Ушбу газ оғир бўлгани учун у ер пастига тарқалади ва чуқурликларда, масалан, қудуқларда яхши тўпланади.

Бундай қудуқларда ҳаво таркибини доимий равишда кузатиб бориш, я'ни радон миқдорини кузатиш илмий ма'лумотларни тўплаш имконини беради, бунинг асосида прогноз, я'ни башоратлар қилиш мумкин бўлади. Сейсмология институтида мониторинг олиб бориш учун қудуқлар мавжуд. Улардаги радон миқдорини ўлчаш учун Физика – техника институти олимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлими ҳамкасблари билан биргаликда ишлаб чиқилган махсус ускуна - радонометрдан фойдаланиш режалаштирилган.

Мақсад сари биринчи қадам қўйилди. Эҳтимол, олинган ма'лумотлар аҳолини бўлажак зилзилалар ҳақида ўз вақтида хабардор қилиш масаласида катта ютуқларга эришишга имкон беради. Албатта, бизнинг жонажон Ўзбекистон заминимизда шундай фалокатлар имкон қадар кам учрасин, аммо хавфсизлик чоралари ортиқча бўлмайди.

ФА Навоий бўлими матбуот хизмати.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими