+998 79 223 42 15

Ярмарка муваффақиятли ўтди

1 дақиқа 2 817 кўришлар

7-8 сентябр кунлари “Навоиязот” Ажга тегишли “Кимёгар” спорт комплексида Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси бўлиб ўтди. Унда Навоий вилояти, шунингдек Республикамизнинг бошқа вилоятларидан ташриф буюрган 200дан зиёд саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар ўзларининг 3500га яқин маҳсулотлари намуналари, ўзлаштирилиши режалаштирилган импорт ўрнини босувчи товарлар, саноат кооперацияси орқали маҳаллийлаштиришга таклиф қилинаётган маҳсулот турлари ҳамда лойиҳалари билан қатнашдилар.

Жумладан, Навоий бўлими томонидан Вауш конининг нома'дан фойдали қазилмалари намуналари намойиш этилди. Булар қурилиш эҳтиёжларини қондириш ва шиша ишлаб чиқариш учун бойитилган кварс қуми, дала шароити синовларида қишлоқ хўжалик экинлари уруғларини қобиқлаб экишда ўз самарадорлигини кўрсатган бентонит гиллари ҳамда Бўлим олимлари томонидан яратилган инновасион усул билан магнезит олинадиган доломит, шунингдек, асосий компоненти магнезит бўлган магнезиал ўтга чидамли ғишт намуналаридир.

Бундан ташқари Тошқозғон кони графитидан тайёрланган маҳсулотлар, я'ани периклазуглеродлик ўтга чидамли ғиштлар ҳамда лаборатория шароитида тайёрланган қалам ва пайвандлаш учун электродлар намуналари ва бошқа йўналишдаги ишланмалар намойиш этилди.

Тадбирда Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов ва “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Бошқарув раиси – Бош директори Қувондиқ Санақулов ҳам иштирок этдилар. Вилоят хокими ушбу ярмарка тоғ-кон металлургияси, кимё саноати, электротехника, энергетика ва қурилиш материаллари, шу билан бирга заргарлик буюмлари ва ҳунармандчилик соҳаларида тармоқ-ҳудудий корхоналар ўртасида кооперация алоқаларни янада мустаҳкамлаш билан бирга кичик бизнес суб'эктлари учун ҳам катта имкониятлар яратиб беришини та'кидлади.

Ярмарка якунда Бўлим олимлари энг фаол иштироки учун Навоий вилояти ҳокими номидан ташаккурнома билан тақдирландилар.

ФА Навоий бўлими матбуот хизмати.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими