+998 79 223 42 15

Истиқболда – консалтинг маркази ва тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси

1 дақиқа 2 288 кўришлар

Хитойга амалга оширилган хизмат сафарининг сўнгги куни, 10-июлда Навоий бўлими раиси Абдуразак Мирзаев бошчилигидаги Фанлар академияси олимлари делегацияси Пекиндаги Хитой геология фанлари академиясининг Геомеханика институтига ташриф буюрди. Навоий болими ушбу илмий-тадқиқот муассасаси билан 2024-йилдан буён икки томонлама меморандум асосида фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Самарали кечган музокаралар чоғида томонлар Илмий-тадқиқот ва геология хизматларини кўрсатиш бўйича Ўзбекистон–Хитой халқаро консалтинг марказини ташкил этиш истиқболларини муҳокама қилдилар. Таклиф этилаётган ушбу марказ илм-фан ва реал бизнес сектори ўртасида самарали боғловчи бўғинга айланиши кўзда тутилган. Икки мамлакат тадқиқот институтларининг мустаҳкам базасига таянган ҳолда, марказ мутахассислари конларнинг хомашё салоҳиятини баҳолайди, геология, тоғ-кон саноати ва бошқа йўналишларда тайёр инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқади.

Учрашув иштирокчилари Геологик тадқиқотлар, инновацион ишланмалар ва технологиялар трансферини қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро жамғарма тузиш ғоясини ҳам муҳокама қилдилар. Ҳар бир томон ўзининг батафсил таклифларини тайёрлаши бўйича келишувга эришилди. Ушбу ташаббуснинг асосий ҳамкорларидан бири сифатида ўзбек делегациясини таклиф қилган “Ҳунан Ченхи Жинтуо Мининг Co., Лтд” компанияси иштирок этиши режалаштирилган. Ўз навбатида, Навоий бўлими ва Геомеханика институти ўз илмий салоҳиятини бирлаштиради ҳамда зарурат туғилганда ҳамкорликка бошқа соҳавий институтларни ҳам жалб қилади. Учрашув якунида томонлар уч томонлама “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

Расмий қисмдан сўнг делегация Хитой Халқ Республикасида геомеханика йўналиши асосчиси, таниқли хитойлик геолог Ли Сигуаннинг мемориал музейига ташриф буюрди. Меҳмонлар ноёб минераллар коллексияси, Хитойда топилган илк уран рудаси намуналари, палеонтологик топилмалар, шунингдек, сейсмографлар ҳамда ер қобиғидаги кучланишларни ўлчайдиган юқори аниқликдаги ускуналар билан танишдилар.

Ушбу ташриф билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлими ходимларининг Хитой Халқ Республикасига хизмат сафари муваффақиятли якунланди.

ФА Навоий бўлими матбуот хизмати.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими