+998 79 223 42 15

Ҳамкорлик истиқболлари: ҳаводан ичимлик суви

2 дақиқа 3 194 кўришлар

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлими Илмий-тадқиқот лабораториясига Россиянинг “Аквадженика” Мчж директори Сергей Доржийэв ташриф буюрди.

Навоий бўлими раиси Абдуразак Мирзаев меҳмонни Бўлим илмий ходимлари ва докторантлари томонидан ўтказилаётган илмий-тадқиқот ишлари билан таништирди. Шунингдек, самарали музокараларда Навоий бўлими раисининг ўринбосари Қувондиқ Нурбоев ва илмий котиби Джахангир Гулямовлар ҳам қатнашдилар.

Сергей Доржиев уларнинг компанияси атмосфер намликни айланиш эффекти ва ҳаво оқими ҳароратини ажратиш орқали экстрагирлаш ускуналарини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш устида ишлаётганини айтиб ўтди. Ишчи прототиплар мавжуд бўлиб, улар Россия ва Африка давлатларида синовдан ўтказилган, аммо натижани мустаҳкамлаш учун уларни қуруқ ва иссиқ иқлимда синовдан ўтказиш зарур, бу билан бирга илмий ҳамроҳлик талаб қилинади. Навоий вилояти ва Қизилқум чўли ҳудудлари бу мақсадлар учун мос келади.

Марказий Осиё мамлакатларида сув ресурсларини тежаш ва оқилона фойдаланиш масаласи бугунги кунда жуда долзарб эканини ҳисобга олсак, бу соҳадаги ҳамкорлик жуда истиқболли ҳисобланади.

Томонлар ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзоладилар. Келажакда маҳаллий идоралар ва халқаро ташкилотлар томонидан э'лон қилинган танловларда иштирок этиш учун қўшма лойиҳани тайёрлашга келишиб олдилар. Лойиҳа тижоратлаширишга йўналтирилган эмас, балки кўпроқ ижтимоий аҳамиятга эга ва долзарб бўлади. Ушбу ишга хўжалик шартнома асосида Бўлимнинг илмий ходимлари ва докторантлари жалб қилинади, улар лойиҳага илмий ҳамроҳлик қиладилар.

Бугунги кунда “Навоий” Эркин иқтисодий зонаси ҳудудида атмосфер намликни экстрагирлаш ускунаси ўрнатилмоқда. Уни июл ойида ишга тушириш режалаштирилган. Шундан сўнг Бўлим ходимлари маҳаллий иқлим ва об-ҳаво шароити ускунанинг ишига қандай та'сир қилиши ҳақидаги ма'лумотларни тўплайдилар ва таҳлил қиладилар ва керак бўлганда технологияни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритадилар.

Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов жорий йил май ойида Бўлимнинг илмий-тадқиқот лабораториясига ташрифи ва унинг раҳбарияти ва илмий ходимлари билан суҳбат чоғида янги ишланмаларнинг прототипларини яратиш мақсадида технологик Бўлимнинг тажриба-саноат сехини ташкил этиш учун усти ёпиқ бино ажратишда кўмаклашишини айтиб ўтган эди. Шунингдек, бу ерда ҳаводан сув олиш учун ускуналар йиғишни ташкил қилиш мумкин бўлади.

Шуни ҳам та'кидлаш жоизки, “Аквадженика” Мчж ходимлари автоном қуёш совутиш мосламаси, электр энергиясини ишлаб чиқариш учун қуёш модуллари ва шамол турбиналарини ҳам ишлаб чиққанлар. Келгусида бу соҳаларда ҳам ҳамкорлик қилиш режалаштирилган. Бундан ташқари, томонлар минтақа учун актуал бўлган “Қурғоқчил зоналарда рақамли яйлов чорвачилик инфратузилмаси” лойиҳаси устида биргаликда ишлашга келишиб олдилар.

ФА Навоий бўлими матбуот хизмати.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими