Ҳар бир давлатнинг энг катта бойлиги авваломбор инсолар бўлганидек, ҳар бир ташкилот, корхона ва муассасанинг бойлиги – бу етук мутахассис, ўз меҳнати билан ҳамкасблари, умуман эл э'тиборини тортиб, ҳурматини қозонган, тан олинган устозлардир. Шундай инсонлардан бири - Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлимининг “Қайта тикланувчи энергия, энерготежамкорлик ва экология” таркибий бўлими мудири, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Ҳакимов Ўктам Тошботировичдир. У кишининг 60 ёшлик юбилейига бағишланган “Янги Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт” номли илмий-амалий семинар 2022 йилнинг 11 август куни Фанлар академияси Навоий бўлими томонидан Навоий вилояти телерадикомпанияси билан ҳамкорликда ташкиллаштирилди.

Тадбир Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети кичик мажлислар залида бўлиб ўтди. Унда ФА Навоий бўлими раиси А.У.Мирзаев, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети проректори Т.И.Нурмуродов ҳамкасблари билан, Нурота тумани “Нуронийлар” жамғармаси бошлиғи, туман фаоли С.Қулмонов, Нурота тумани “Умрбек” Фермер хўжалигининг асосчиси У.Нарзуллаев, тадбир сабабчининг қариндошлари, дўстлари, олдинги ва ҳозирги ҳамкасблари ҳамда бошқа тадбир қатнашчилари сўзга чиқиб, юбелярни чин қалбидан табриклаб, унинг ҳаёти ва илмий-тадқиқот ишлари ҳамда у киши раҳбарлиги ва иштирокида бажарилган лойиҳалар тўғрисида ма'лумотларни бериб ўтдилар. Бундан ташқари, Ў.Т.Ҳакимов меҳнат фаолиятини ёритувчи видеоролик намойиши бўлиб ўтди.

Семинар иштирокчилари қуйидаги ма'лумотларга эга бўлишди. Ўктам Тошботирович қишлоқ хўжалиги соҳаси, хусусан чорвачилик бўйича муаммоларни чуқур ўрганиб, уларни ечимини топишга ҳаракат қилиб, соҳа ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган мутахассис олимдир. Меҳнат стажи 40 йилдан зиёд бўлиб, 2002 йилда “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.

Ў.Т.Ҳакимов 1978-1983 йилларда Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида таҳсил олиб, 1984-йилдан ўз меҳнат фаолиятини Навоий вилояти Хатирчи тумани Қ.Раҳматов номли хўжаликда ферма мудирлигидан бошлаган. 1986-1992 йилларда бош зоотехник, 1992-93 йилларда вилоят Агросаноат уюшмаси чорвачилик бўлими бошлиғи, 1993-98 йиллар Қ.Раҳматов номли жамоа хўжалиги бошқаруви раиси, 1997-98 йиллар Ўзбекистон республикаси Президенти хузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси тингловчиси, 1998 йилда Навоий вилояти “Навоий қоракўл” уюшмаси раиси, 1998-2000 йиллар Навоий вилояти ҳокими ўринбосари, қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи, 2000-2007 йиллар Нурота тумани ҳокими, 2007-2011 йиллар вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитасида раис ўринбосари ва қўмита раиси, 2011-19 йиллар Навоий кон металургия комбинати Навоий машинасозлик заводида атроф муҳит муҳофазаси мухандиси ва 2019 йил апрел ойидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлимида “Қайта тикланувчи энергия, энерготежамкорлик ва экология” таркибий бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда. 2007 йил номзодлик диссертасиясини ҳимоя қилиб, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлган.
Ўктам Тошботирович Навоий вилояти ҳокими ўринбосари, қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи ва Нурота тумани ҳокими бўлиб ишлаган вақтларида давр учун ғоят долзарб бўлган чорвачилик соҳасидаги муаммоларни ҳал этишда ўзининг бор билим ва малакасини ишга солиб, уларни бартараф этиш йўллари устида иш олиб борган.

2019 йилдан бошлаб Ў.Т.Ҳакимов ўз меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлимида давом эттириб келмоқда. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги тамонидан э'лон қилинган халқаро ва маҳаллий танловларга бир қатор ишланмалар тақдим этган. Ўзр ФА Навоий бўлими “Кимё технологияси, нанотехнологиялар ва қишлоқ хўжалиги” таркибий бўлими илмий ходимлари билан қишлоқ хўжалик экинларини етиштиришда инновацион агротехнологиялар ва уларнинг экологияси бўйича 5та қўлланма тайёрлаб фермерлар ва томорқа эгаларига тақдим этган.

Унинг иштирокида экология соҳасида, айниқса яйловлар деградасияси ва чўлланишни олдини олиш ва атроф муҳит муҳофазаси бўйича кўпгина амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Фанлар академияси Навоий бўлими “Қайта тикланувчи энергия, энерготежамкорлик ва экология” таркибий бўлими ва Навоий давлат педагогика институтининг Табиий фанлар факул'тети ўртасида тузилган келишув асосида ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. 2021 йили Ўзбекистон овчи ва балиқчилар бирлашмаси Навоий вилояти бўлими билан хизмат кўрсатиш шартномаси имзоланди ва ов ҳайвонлари популясиясини саноқдан ўтказиш мақсадида амалий ишлар олиб борилди.
Ушбу шартномани бажариш учун НДПИ билан ҳамкорликда ов ҳайвон турларининг 1 гектар майдончалар саноғи ташкил этилиб, умумий майдонга нисбатан ов ҳайвонлари популясияси сони аниқланди.
Кузатув ва саноқлар шуни кўрсатдики, давлатимиз томонидан табиатни муҳофаза қилишга ва биологик назоратга қаратилган э'тибор ҳамда норматив ҳужжатларнинг қабул қилиниши натижасида ёввойи ҳайвон ва қушларнинг бош сонининг кўпайиб бораётгани қувонарли ҳолатдир.

Бундан ташқари, бугунги кунда Ўктам Тошботирович бошчилигида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлимининг Нурота тумани лалми ерларида павловния плантасиясини яратиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Плантасия Болгария Республикасининг “Paulownia БГ” Мчж билан ҳамкорликда бир гектар майдонда “Умрбек” фермер хўжалигида ташкил этилган бўлиб, бу ерга жорий йилнинг апрел ойида 1000 дона кўчат ва 2000 дона қаламчалар экилди. Далада дарахтларнинг илдиз тизимига тўғридан-тўғри керакли миқдорда сув ва озиқ моддалар етказиб бериш имконини берадиган томчилатиб суғориш тизими жорий этилди. Шуни та'кидлаш жоизки, павловния жуда тез ўсадиган дарахтдир.

Бугунги кунда, я'ни, тўрт ойдан бир оз камроқ вақт ичида павловния плантасиясидаги дарахтларнинг бўйи ўртача 2,5-2,7 метрни ташкил этди. Келажакда Нурота полигонида тажриба тариқасида майдонининг бир қисмида ёқилғи брикетлари олиш, иккинчисида – баргларидан чорвачиликка ем-хашак олиш, учинчиси - кўчатзор, асосий майдони эса - ёғоч олиш мақсадида павловния дарахтлари экилади. Шунга кўра, келгусида плантасия яқинида тегишли сехлар барпо этилади ва буларнинг барчаси биргаликда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш кластерига асос бўла олади.
Яна шуни та'кидлаш жоиз-ки, павловния дарахтларни етиштириш технологиясини ўрганиш мақсадида яқинда Навоий вилоятининг Нурота туманидан уч нафар, Андижонлик бир нафар, жами тўрт нафар ёш мутахассис Истанбул орқали Болгарияга юборилди. Бўлажак мутахассислар ярим йил давомида Болгариянинг "Paulownia БГ" компанияси павловния плантасияларининг даласида ишлаш ва билим олиш учун кетишди. Тез орада яна уч навоийлик ёшлар уларнинг кетидан юборилади.

2022 йил 7 июл куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Пахта ҳосилдорлигини ошириш, пахта етиштиришда илм ва инновацияларни жорий қилишнинг қўшимча ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-308-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, ушбу қарорда пахта ҳосилдорлигини ошириш бўйича янги тизимни жорий қилиш, пахта етиштиришда илм ва инновацияларга асосланган уруғчилик, нав танлаш, ерга ишлов бериш, ўғитлаш, суғориш ишларини йўлга қўйиш орқали пахта-тўқимачилик соҳасида экспорт ҳажмлари ва даромадни ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Пахтачилик кенгаши ташкил этилган бўлиб, кенгаш фаолияти йўлга қўйиладиган 13та туман орасида Навоий вилоятидан Навбаҳор тумани танланган.

Бу борада бўлимда ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда ва ушбу жараёнга Ў.Т.Ҳакимов ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Жумладан, бўлим олимлари томонидан яратилган қишлоқ хўжалик экинларини етиштиришда бентонит гиллари кукунидан фойдаланиш бўйича иккита инновацион ишланма - чигитни бентонит гили кукуни билан қобиқлаш экиш ҳамда ғўзани баргидан ўғитлар билан озиқлантиришда бентонит гилларининг 2-фоизлик суспензиясидан фойдаланиш усулларидир. Бентонитнинг сорбсион хоссалари, я'ни намликни ўзига сингдириш ва ушлаб туриш қобилияти уруғларнинг стресссиз униб чиқишини ва уларнинг барқарор ўсишини та'минлайди, ўсимликларнинг сувга бўлган эҳтиёжини қоплайди. Ушбу ишланмаларни қўллаш ўртача 15 фоизгача қўшимча ҳосил олишни имконини беради. Тажриба-синов ишлари давом этмоқда.
Шунингдек Ўктам Тошботирович кўплаб конференсиялар ва илмий-амалий семинарларда иштирок этиб, бўлимда амалга оширилаётган илмий янгиликлар ва ютуқларни тарғиб қилиб келмоқда.
Ў.Т.Ҳакимов ташкилотчилик, меҳнацеварлик ва юксак инсоний фазилатлари билан бўлим ходимлари орасида ҳурмат қозонган. ФА Навоий бўлимида ишлаш жараёнида бакалавр ва магистрларга илмий раҳбар бўлиб, 10га яқин шогирд чиқарган.
Тадбир сўнгида Ўктам Тошботировичга ҳамкасблари ва тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар томонидан тўнлар кийдирилиб, яна бир бор табрик сўзлари айтилди.
Февзи ИСТАБЛАЕВ,
ФА Навоий бўлими матбуот хизмати.