+998 79 223 42 15

Павловния етиштириш технологиясини ўрганиш мақсадида Болгарияга

2 дақиқа 3 026 кўришлар

Аввал хабар қилинганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлими томонидан Нурота тумани лалми ерларида павловния плантасиясини яратиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу дарахтларни етиштириш технологиясини ўрганиш мақсадида яқинда Навоий вилоятининг Нурота туманидан уч нафар, Андижонлик бир нафар, жами тўрт нафар ёш мутахассис Истанбул орқали Болгарияга юборилди. Тез орада яна уч навоийлик ёшлар уларнинг кетидан юборилади.

Виза олиш, транспорт, турар жой ва яшаш харажатлари, шунингдек, тиббий суғурта Болгария, я'ни Навоий бўлими бир неча йилдан буён ҳамкорлик қилиб келаётган “Paulownia БГ” Мчж бош менежери Джан Дуралов томонидан қопланилмоқда. Бўлим раҳбарияти ҳам ўз навбатида йигирмага яқин номзод билан суҳбат ўтказиб, етти нафарини танлади ва хавфсизлик техникаси бўйича зарур кўрсатма берди.

Бўлажак мутахассислар ярим йил давомида Болгариянинг "Paulownia БГ" компанияси павловния плантасияларининг даласида ишлаш ва билим олиш учун кетишди. Ишга юборилганлар ўз иши учун муносиб маош оладилар ва уни тўғридан-тўғри оилаларига юбориш имкониятига эга бўладилар. Энг муҳими, улар замонавий агротехнологиялардан фойдаланган ҳолда билим ва кўникмаларга эга бўлиб, Ўзбекистонда Нурота туманидаги плантасияда мутахассис сифатида ишлашда давом этадилар.

Та'кидлаш жоизки, “Умрбек” фермер хўжалигининг бир гектар ер майдонига жорий йилнинг апрел ойида минг туп паловния кўчати ва тез ўсадиган ушбу дарахтнинг икки минг қаламчаси кўчатзорга экилди. Улар ҳам Болгариянинг “Paulownia БГ” Мчж томонидан бепул юборилди.

Джан Дуралов ўзи ишлаб чиққан технологиянинг барча нозик томонларини тушунтириш мақсадида бир неча бор экиш жойига шаҳсан ташриф буюриб, бугунги кунда дарахтларнинг ўсиш жараёнини тезкор мессенджерлар орқали назорат қилиб келмоқда. Яқин орада бу ерда видеокузатув камералари ўрнатилади, бу эса дарахтларнинг ўсишини онлайн тарзда кузатиш имконини беради. Далада дарахтларнинг илдиз тизимига тўғридан-тўғри керакли миқдорда сув ва озиқ моддалар етказиб бериш имконини берадиган томчилатиб суғориш тизими жорий этилди.

Бугунги кунда, я'ни тўрт ойдан бир оз камроқ вақт ичида павловния плантасиясидаги дарахтларнинг бўйи ўртача 2-2,3 метрни ташкил этди. Келажакда Нурота полигонида тажриба тариқасида майдонининг бир қисмида ёқилғи брикетлари олиш мақсадида павловния дарахтлари экилади, иккинчисида – баргларидан чорвачиликка ем-хашак олиш учун, учинчиси - кўчатзор учун қолдирилади, асосий майдони эса - ёғоч олиш учун. Шунга кўра, келгусида плантасия яқинида тегишли сехлар барпо этилади ва буларнинг барчаси биргаликда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш кластерига асос бўлади.

ФА Навоий бўлими матбуот хизмати.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими