+998 79 223 42 15

Давра суҳбатида иштирок этилди

3 дақиқа 2 819 кўришлар

Жорий йил баҳорнинг биринчи кунида Россия Федерацияси савдо-саноат палатаси томонидан тегишли ташкилотлар билан биргаликда “Лад'я-2023. Баҳор фантазияси” номли Россия Халқ ҳунармандчилиги кўргазмаси доирасида “Экспосентр” Ажда “Россия халқ амалий сан'ати ва ҳунармандчилиги ҳамда ёшлар. Мамлакат ан'аналари ва ижодий (креатив) саноат. Дўстлар ёки рақобатчиларми?” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Учрашувда хорижий иштирокчилардан бири сифатида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Навоий бўлимнининг ёш олимлари ҳам онлайн тарзда ма'руза билан иштирок этдилар.

Ушбу тадбир доирасида Россия федерацияси ССП молиявий, саноат ва инвестисия жалб қилиш сиёсати кенгашида ижодий соҳаларни ривожлантириш бўйича комиссиянинг сайёр йиғилиши бўлиб ўтди. Суҳбат давомида комиссия а'золари ва таклиф этилган меҳмонлар турдош тармоқларнинг ҳозирги ҳолати ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегиясини амалга оширишда ижодий тармоқларнинг аҳамиятини муҳокама қилдилар.

Навоийлик ёшлар республикамиз раҳбарияти ва ҳукумати томонидан Ўзбекистонда декоратив-амалий сан'атни қайта тиклаш ва ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида ма'лумот бердилар. Хусусан, ма'рузада Ўзбекистон маданияти ёрқин ва ўзига хос эканлиги, у минг йиллар давомида шаклланиб келганлиги ва турли даврларда замонавий Ўзбекистон ҳудудида яшаган халқларнинг урф-одатларини ўзига сингдирганлиги ҳамда Буюк Ипак йўли Ўзбекистон маданиятига алоҳида та'сир кўрсатганлиги қайд этилди.

Ўзбекистон декоратив-амалий сан'ати авлоддан-авлодга ўтиб келадиган халқ усталари, ҳунармандларининг ўзига хос ва эксклюзив ижодидир. Улар ҳар бир нарсага ўз қалбининг бир қисмини бағишлаб, асрлар давомида ноёб маҳсулот намуналари, жумладан уй анжомлари ва безаклари, байрамона либос учун ноёб мато ёки махсус идишлар ва ҳоказоларни яратиб келмоқдалар.

Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа ҳудудлар усталарнинг ижодлари азалдан ўз ватани чегараларидан ташқарида ҳам машҳур бўлиб, бутун дунёдаги гўзаллик ихлосмандларида қизиқиш уйғотмоқда. Сўзана ва каштачилик, кулолчиликнинг турли мактаблари, ҳар хил турдаги ва мақсадли шаклдаги дўппилар, ҳар қандай вазият учун миллий пичоқлар, ипак ва жун гиламлар, ипак ва ўйма нақшдан фойдаланиб ясалган металл ва ёғоч буюмлари ва бошқалар кўп асрлар давомида маҳаллий ҳунармандлар қўли билан яратилган ажойиб асарлар Ўзбекистоннинг ўзига хос экзотикасини ташкил этади.

Ўзбекистон ҳудудида асрлар давомида ўзига хос халқ амалий сан'ати марказлари ва мактаблари шаклланган. Ҳар бир минтақанинг ўз йўналиши бор. Мисол учун, Наманганнинг Чуст шаҳри дўппи ва пичоқлари, Фарғонанинг Риштан шаҳри - кўк кулолчилик буюмлари, қадимий Марғилон - атласи, кўҳна Бухоро - олтин кашталари билан кенг танилган.

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришган дастлабки кунлардан бошлаб республикада халқ усталарига катта э'тибор қаратилаётгани та'кидланди. Жумладан, сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати томонидан халқ ҳунармандчилигини қайта тиклашга қаратилган қарорлар қабул қилинди. Бир қатор халқ усталари Ўзбекистон Бадиий академиясининг академиклари этиб сайландилар. “Ўзбекистон Республикаси халқ устаси” фахрий унвони жорий этилди. Республиканинг барча ҳудудларида самарали фаолият кўрсатадиган “Ҳунарманд” халқ ҳунармандлари уюшмалари ташкил этилди. Уларнинг асосий вазифаси унутилган ҳунармандчилик турларини қайта тиклаш, ҳунармандларга маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотишда амалий ёрдам беришдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5242-сонли фармони билан республикамизда миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий сан'атини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди. Аҳолини ҳунармандчиликнинг энг оммабоп ва истиқболли турларини эгаллашга кенг жалб этиш мақсадида ҳунармандчилик фаолияти асосий йўналишларининг янгиланган рўйхати тасдиқланди, имтиёз ва преференсиялар кенгайтирилди.

Хусусан, 2017 йилнинг 1 декабридан бошлаб ҳунармандчилик суб'эктлари — “Ҳунарманд” уюшмасининг а'золари ҳунармандчилик маҳсулотларини (товарларини, хизматларини) ишлаб чиқариш ҳамда реализасия қилишни амалга оширганида қат'ий белгиланган миқдордаги солиқларни тўлашдан озод этилди. Шу билан бирга, ҳунармандларга ўз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган хорижий валютани эркин тасарруф этиш, шу жумладан, банк ҳисоб рақамидаги чет эл валютасини нақд шаклда олиш ҳуқуқи берилди. Ҳунармандларни имтиёзли шартларда ишлаш учун бинолар билан та'минлаш бўйича бир қатор муҳим чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Бундай қўллаб-қувватлаш туфайли Ўзбекистоннинг сайёҳлик жозибадорлиги янада ошди. Бундан ташқари, юзга яқин мамлакат фуқаролари Ўзбекистонга визасиз ташриф буюришлари мумкин.

ФА Навоий бўлими ёш олимлари томонидан тайёрланган тақдимот Россиялик тадбир қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди ва ушбу йўналиш бўйича Ўзбекистон ва Россия олимлари ва тадбиркорлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш икки томонлама ҳалқаро туризмни ривожлантиришида фойдали бўлишини э'тироф этишдилар.

Февзи ИСТАБЛАЕВ,

ФА Навоий бўлими матбуот котиби.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими