+998 79 223 42 15

Қишлоқ хўжалиги учун нанокремний

4 дақиқа 5 297 кўришлар

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлими ва “СИЛА КРЕМНИЯ АГРО ТЕХ” Мчж ХК ўртасида ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Бу Бўлимда мазкур хорижий корхонанинг бош директори Олимжон Шукуров ҳамда Бўлимнинг раиси Абдуразак Мирзаев ўртасида бўлиб ўтган музокараларнинг натижасидир. Учрашувда Бўлимнинг олимлари ва Тошкент давлат аграр университетининг Мевачилик ва узумчилик кафедраси мудири Илхом Нормуратов ҳам қатнашдилар.

“СИЛА КРЕМНИЯ АГРО ТЕХ” Мчж ХК Россиянинг “Вектор” компанияси маҳсулотларини, я'ни нанокремнийга асосланган “Сила кремния” (“Кремнийнинг кучи”) минераллар комплексини Ўзбекистонга етказиб бериш ва тарқатиш билан шуғулланади. Нанокремний – кимёвий бирикмаларсиз бўлган эркин шаклдаги фаол кремний нанозаррачалар асосидаги таркибий қисмлар аралашмасидир. О.Шукуровнинг айтишларича, “Сила кремния” – бу нитрат, пестицидлар ва ГМО бўлмаган экологик тоза препаратдир.

Корхонанинг илмий маслаҳатчиси, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор И.Нормуратов кремний - ҳаётий элементлигини ва унингсиз табиатда биронта ҳам организмнинг ўсиши ва ривожланиши мумкин эмаслигини т'кидлаб ўтдилар. Нанотехнология фаол кремнийга асосланган препаратни яратишга ёрдам берди. “Сила кремния” - бу замонавий ўғитнинг янги тури бўриб, қишлоқ хўжалик экинларига микроэлементларни яхшироқ ўзлаштиришга ва касалликлар ҳамда паразитларга қарши чидамлиликни оширишга ёрдам берувчи кенг спектрли та'сирга эга антидотдир. Кремний ўғитлар қишлоқ хўжалик экинларнинг ҳосилдорлигини оширишга, шунингдек тупроқ унумдорлигини тиклашга ёрдам беради. Мазкур препарат оксидланиш жараёнларининг олдини олиш учун полиэтиленглюкол муҳитига жойлаштирилган кремний (нанокремний), темир, рух, мис, калсий, магний, олтингугурт ва бошқа элементларнинг нано-кукунлари аралашмасидан иборат. Препарат таркибидаги фаол кремний миқдори 50-60 фоизни ташкил қилади. Препарат таркибидаги кремний заррачалари нано ўлчамига эга, бу уларни ҳужайралар даражасида ўсимликлар томонидан осонликча ўзлаштирилишига ёрдам беради. Кремнийнинг ўсимликлар томонидан ўзлаштирилмаган нанозаррачалари, шунингдек, препаратнинг ишлов беришда ўсимликларга етиб бормаган қисми кислород ва сув та'сирида оксидланиш натижасида қисқа вақт ичида оддий қумга айланади.

А.Мирзаев меҳмонларга Бўлим олимларининг қишлоқ хўжалиги йўналишида ўзининг ишланмалари борлигини, уларда бошқа экологик тоза минерал – бентонитдан фойдаланганлигини айтиб ўтдилар. Бентонит гили кукуни қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини экишдан олдин қобиқлаш учун, ундан ясалган суспензияни эса ўсимликларни баргдан озиқлантириш учун ишлатилади. Бентонит ҳаво ва тупроқдаги намликни шимиб олиб, сақлаб туриш қобилиятига эга. Шу сабаб уруғлар тезроқ униб чиқади ва ўсимликлар лалми ерларда ҳам стресссиз ривожланади. Ўзбекистоннинг бир неча вилоятларидаги қатор фермер хўжаликларнинг пахта далаларида бентонит билан олиб борилган тажрибалар ижобий натижалар кўрсатди.

Музокаралар давомида табиий саволлар пайдо бўлди. Препаратларнинг қайси бири Ўзбекистон шароити учун яхши ва мос келади? Уларнинг иккаласини ҳам ишлатганда самарадорлиг ортади-ми? Иқтисодий жиҳатдан фойдалими?

Ушбу саволларга жавоб топиш учун, томонлар тажриба-синов ишларини Бўлимнинг шартномалари мавжуд Нурота туманида жойлашган учта фермер хўжалиги далаларида ҳамда Пахта селексияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтининг Навоий вилоятидаги тажриба майдонида олиб боришни келишиб олишди.

Тажриба-синов тадқиқотлари жорий йилнинг 6 августда бошланганлиги ва бу даврга келиб кўпгина экинлар, хусусан пахта ўзининг шаклланиш давридан ўтиб бўлганлиги учун тажриба-синов майдонларидаги ҳосилдорликга та'сирини, я'ни ушбу инновасион ишланма бўлган нанокремний ўғити ва бентонит гиллари суспензиясининг самарадорлигини яққол кузатиш имконияти йўқлиги сабабли тажрибаларни такрорий экинлар экилган майдонларда ўтказиш мақсадга мувофиқ деб топилди. Булар беда, пиёз, сабзи, лавлаги ва тариқ экилган майдонлардир. Тажриба синов ишларини олиб бориш экин экилган майдонларнинг 4та тенг 0,1 га майдонларида парваришлашда бир хил агротехника усулларни қўллаш, бир вақтда суғорилиши та'минланадиган ҳудуддларда шу ҳафта биринчи марта ишлов берилди.

Биринчи дала бу нанокремний ўғити, иккинчиси - бентонит гили суспезияси билан, учинчиси эса бентонит гили суспезияси ва нанокремний ўғити биргаликда ишлов бериладиган майдонлардир. Бунда эритмалар пуркагич ёрдамида сепилди. Тўртинчиси - назорат майдони бўлиб, бунда ушбу майдонга сувнинг ўзи сепилди. Тажриба майдонларида биринчи ишловдан кейин 7-8 кун оралиғида иккинчи марта такроран ишлов бериш орқали ўтказилади ҳамда ҳар бир майдондаги ҳосил алоҳида йиғиб олинади ва натижалар икки томонлама далолатномалар асосида расмийлаштирилади. Бунда, фермерларга тажриба ўтказилаётган майдонларни биринчи ишловдан кейин 3-4 кун ичида суғориш тавсия этилади.

Тажрибалар натижасига кўра технологияларнинг та'сири таҳлил қилиниб, хулосалар берилади.

Тўпланган ма'лумотлар қўшимча бўлиб ФА Навоий бўлими олимлари Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг Қашқадарё филиалидаги ҳамкасблари билан биргаликда олиб борилаётган “Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда бентонит гилларидан фойдаланган ҳолда суғориш сувларини тежашнинг илмий асосланган агротехнологияларини ишлаб чиқиш” номли амалий лойиҳада ишлатилиши мумкин бўлади. Лойиҳа 2021-2023 йилларга мўлжалланган.

Бундан ташқари, агар тажрибалар ижобий натижалар берса ва савдо бозори мавжуд бўлса Россия ишлаб чиқарувчиси билан биргаликда нанокремний ўғитлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни кўриб чиқиш мумкин бўлади.

Йиғилишда бошқа истиқболли ишланмалар ҳам муҳокама этилди. Меҳмонларни Тошқозғон конининг графит рудаларини бойитиш лойиҳаси, я'ни рудаларни майдалаш технологияси қизиқтирди. Бунга сабаб - компания қурилиш эҳтиёжларини қондириш учун наносемент ишлаб чиқариш соҳасида иш олиб боради. Шу билан бирга, компания иссиқхоналар учун иссиқлик ишлаб чиқариш мақсадида нанокремний билан қопланган панеллар яратиш устида иш олиб бормоқда.

Февзи ИСТАБЛАЕВ,

ФА Навоий бўлими матбуот котиби.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими