+998 79 223 42 15

Навоийда лаванда плантасиясини яратишга яна бир қадам

4 дақиқа 3 966 кўришлар

Аввал хабар қилинганимиздек, икки хафта олдин, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлимига Латвия Республикаси "БАО" АЖ кенгаши раиси Янис Вилгертс ҳамкасблари ва шериклари билан ташриф буюрган эди. Улар ўзлари билан икки хил навли лаванда уруғини олиб келишди. Бўлим олимлари Ўзбекистонда лаванда етиштириш бўйича Инновацион ривожланиш вазирлигига топшириш учун лойиҳа тайёрлашга киришдилар. “Саг агро” Мчжнинг “ин витро” лабораторияси билан биргаликда улар лойиҳани бажариш мақсадида яна бир шерик топдилар. Бу Фарғона вилоятида жойлашган “Меҳригиё” хусусий корхонасидир.

Яқинда Бўлим раиси Абдуразак Мирзаев, раис ўринбосари Қувондиқ Нурбоев ва бўлинма мудири Ўктам Хакимовлар Фарғона водийсига бориб, хусусий корхонанинг раҳбарияти ва ходимлари билан музокаралар ўтказдилар. Натижада Бўлим ва “Меҳригиё” ХК ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Хусусий корхона 1992 йилда ташкил топган. Уни асосий фаолияти доривор ўсимликлардан шифобахш чойлар ишлаб чиқаришдир. Маҳсулот ишлаб чиқаришда ўсимликлар қаламчалари, поялари, барглари, куртаклари, гулқўрғонлари ва уруғларидан фойдаланишади. Юқори сифат ва маблағларнинг самарадорлигига эришиш мақсадида компания нафақат йиғим-терим ва қадоқлашни, балки ўсимликларни ўз плантасияларида етиштиришни ҳам ўзлаштирди. У юздан ортиқ турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаради - бу шифобахш хусусиятларга эга бўлган чойлар, ёғлар ва сироплар, шунингдек, асал, косметик ва антисептик маҳсулотлар ва зираворлардир. Бугунги кунда компаниянинг маҳсулотлари ички ва ташқи бозорда харидоргирдир.

Яқин ва узоқ хориждан сайёҳлар ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни та'тиб кўриш учун компанияга келадилар. Компания томонидан яратилган манзарали боғ дам олиш ва даволаниш, шунингдек экологик тоза ҳудуддан завқланиш имконини беради.

Лаванда майдонлари бир гектардан ортиқ ерни эгаллайди. Бу ерда Марказий Осиёда биринчи марта лаванда фестивали 2021 йилнинг 6-16 июн кунлари ўтказилди. Лавандадан олинган эфир мойи кучли антисептик ва антиспазмодик та'сирига эга, танадаги яралар ва куйишлар даволанишига ёрдам беради. Лаванда гуллари ва барглари мигрен, неврастения, юрак уриши учун чой шаклида, тинчлантирувчи восита сифатида ишлатилади. Хусусий корхонада қуритилган лаванда билан тўлдирилган ёстиқлар тайёрланади.

Навоийда лаванда плантасиясини яратиш ҳамкорликнинг асосий мавзуси бўлиши режалаштирилган эди. Бироқ музокаралар давомида хамкорлик учун янада кўпроқ йўналишлар борлиги аниқ бўлди. “Меҳригиё” ХК ходимлари навоийлик олимларга сут қушқўнмас ва чуфа – ер бодом номли ўсимликлар уруғларидан бердилар. Сут қушқўнмасдан тайёрланган препаратлар сафро шаклланиши ва ажралишини яхшилайди ва гепатопротектив та'сирга эга бўлиб, жигар (гепатит, сироз, токсик шикастланишлар) ва талоқ касалликларини, ўт тошлари, сариқ касали, сурункали йўтал ва бошқа касалликларни даволаш учун ишлатилади. Чуфа эса ҳам хом, ҳам қовурилган ҳолда ейилади. Майдаланган тугунаклари қандолат маҳсулотларига қўшилади, улардан ҳолва ҳам тайёрланади. Чуфа тугунчаларидан олинган ёғ кимёвий жиҳатдан зайтун мойига яқин. Шунингдек, у юқори сифатли совун ишлаб чиқаришда ишлатилади.

Бундан ташқари, Хкда нафақат экзотик дориворлар, балки киви, банан, гожи, папайя, зайтун дарахти каби ва бошқа тропик ва субтропик ўсимликларни етиштиришни ҳам ўзлаштирганлар. “Меҳригиё” ХК вакиллари киви, гожи ва лаванда кўчатлари Навоий вилояти шароитида етиштиришга ва кўпайтиришга оид тажрибалар ўтказиш учун экспериментал майдонларда экишга зарур бўлган миқдорда Навоий бўлимига кузда етказиб бериш имкониятига эга эканликларини билдирдилар.

Навоий бўлими олимлари зарур шароитни тайёрлаш мақсадида ушбу ўсимликларни ўстириш агротехнологиясини батафсил ўргана бошладилар.

Келгусида Навоий бўлими “Меҳригиё” ХК билан қуйидаги уч йўналиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирмоқда. Биринчиси, бу Навоий шаҳри чегарасида эко-боғ яратиш. Унда меҳмонлар ароматерапия олишлари, я'ни махсус ўрнатилган ўриндиқларда ўтириб ўсимликларнинг, биринчи навбатда лаванданинг ёқимли ҳидидан баҳраманд бўлиб, иш кунларидан кейин дам олишлари мумкин бўлади. Етиштирилган ўсимликларнинг фойдали хусусиятлари ҳақида китоб ва буклетлар мавжуд бўлган кутубхона ташкил этиш ҳам режалаштирилган. Та'кидлаш жоизки, Бўлим олимлари доривор ўсимликлар, жумладан, ковул, каврак, тирноқгул, мойчечак ва бошқа доривор ўсимликлар етиштиришда ўз ишланмаларига эга.

Иккинчи йўналиш – бу фитобарлар учун хом ашё етказиб бериш тармоғини ташкил этиш. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 апрелдаги “Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига қўра тиббиёт муассасалари, шу жумладан оилавий поликлиникалар ва қишлоқ (овул) врачлик пунктларида ҳамда мактаб ва олий та'лим муассасаларида фитобарлар ташкил этилиши керак. Ушбу масала бўйича, ўз маҳсулотларини сотиш мақсадида ХК учун хона ажратиш мумкин бўлади.

Учинчи ва энг муҳим йўналиш бу – қишлоқ аҳолисини ўз томорқаларида ҳамда лалмикор ерларда доривор ўсимликларини етиштиришга чорлаш. 2020 йилда Навоий бўлими Нурота туманининг бир қатор маҳаллалари аҳолисига мойчечак ва тирноқгул ўсимликлар уруғларини беғараз тарқатган эди. Бу сафар эса гожи ўсимлигини етиштириш режалаштирилган. Микроэлементлар ва антиоксидантларга бой мевалари бўлган ушбу доривор ўсимлиги сув етишмаслик шароитида ҳам ўсишга қодир. Гожи мевага кирганидан сўнг бир тупидан 3,5 килограммгача ҳосил беради. Одатда у май ойидан ноябргача мева беради. Шу даврда 12-13 мартоба ҳосил териб олинади. Шундай қилиб, қуритилган маҳсулотларни сотишда ишсиз аёллар ўз томорқаларидан қўшимча даромад олишлари мумкин бўлади.

Февзи ИСТАБЛАЕВ,

ФА Навоий бўлими матбуот котиби.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими