+998 79 223 42 15

Президентнинг топшириғи бажарилмоқда

2 дақиқа 3 109 кўришлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 декабрдаги “Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиррш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг тегишли банди билан Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳудудий бошқарма, Геология фанлари университети, Фанлар академияси, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети, Навоий вилояти ҳокимлиги билан биргаликда 50 дан зиёд сочма олтин конларига тадбиркорларни жалб қилиш вазифаси юклатилган эди. Мазкур топшириқни ўз вақтида ва сифатли бажаришга ўз ҳиссасини ФА Навоий бўлими ҳам қўшиб келмоқда.

Жумладан, қарор доирасида Геология фанлари университети, Фанлар академияси Навоий бўлими ҳамда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг тажрибали олимлари ва геологларидан иборат мутахассислар гуруҳи вилоятнинг турли туман ва шаҳарларига бир йил муддатга сафарбар этилди. Уларнинг асосий вазифаси - ҳудудларда геологик тадқиқотларни янада чуқурлаштириш, минерал хомашё базасини кенгайтириш ҳамда соҳанинг инновасион ривожига ҳисса қўшишдан иборат.

Навоий бўлимининг геология ва кончилик иши соҳаларида фаолият олиб бораётган илмий ходимлари ва докторантларидан иборат кичик ишчи гуруҳ мунтазам равишда жойларга чиқиб, геологик тадқиқотлар олиб бормокда ҳамда бошқа ташкилотлардаги ҳамкасблари билан ауксион савдоларига қўйиладиган олтинли участкалар рўйхатини тузишда қатнашиб келмоқда.

4 феврал куни “Э-ауксион” платформасида Навоий вилояти Нурота ва Кармана туманларида жойлашган 31 та олтин изловчилар усулида қазиб олиш учун олтин участкалар бўйича очиқ ва шаффоф савдолар бўлиб ўтган эди. Ушбу участкаларнинг сонини Президент Қарорида белгалланган миқдорига етказиш мақсадида илмий тадқиқотлар давом эттирилди. Натижада Бўлим олимлари томонидан ҳамкасблари билан биргаликда 21та янги участкалар бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди ва улар асосида “Э-ауксион” платформасига ауксион савдосига чиқарилди. Ушбу участкалар жами 35 гектар жойни эгаллаган бўлиб, Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги Биран, Нурота ва Оқтош майдонларини ўз ичига олади.

Ауксион савдолар 2 апрелда ўтказилиши режалаштирилмоқда. Ҳозирча талабгорлар жойларга бориб ўрганиш имконятига эгалар.

Аҳамиятлиси шундаки, савдоларга таклиф этилган участкалардан 15 таси Навбаҳор тумани Тошработ қишлоғидан 9,3 км Шимолий-Шарқда жойлашган «Биран» майдони таркибига киради. 2025 йил 10 март куни айнан шу ерда Фанлар академиясининг Навоий бўлими геологларидан иборат ишчи гуруҳ геологик дала тадқиқотларини ўтказди. Асосий мақсад – бу ерда қимматбаҳо металл қазиб олиш ишларини ташкил этишни илмий-геологик жиҳатдан асослаш, шунингдек, яқин сочма кон участкаларида фаолият юритаётган тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганишдан иборат эди. Жойларга чиққан вақтда маҳаллий тадбиркорлар билан суҳбатлар ўтказилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли амалий тавсиялар берилди.

Тадқиқот натижалари асосида ушбу ҳудудда олтин қазиб олиш жараёнларини янада самарали ташкил этиш, мавжуд инфратузилмани ривожлантириш ва тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилиши режалаштирилди.

Ушбу ташаббус мамлакатимиз геология соҳасининг жадал ривожланишига туртки бериши, шунингдек, сочма олтин қазиб олиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик суб'эктлари учун янги имкониятлар очиб бериши кутилмоқда.

ФА Навоий бўлими матбуот хизмати.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими