+998 79 223 42 15

Ўзбекистонлик олимлар Хитойдаги юз йиллик тарихга эга «Вокси» «яшил кони» тажрибасини ўргандилар

2 дақиқа 1 651 кўришлар

Аввал хабар берилганимиздек, Фанлар академияси Навоий бўлими раиси Абдуразак Мирзаев бошчилигидаги олимлар гуруҳи амалий ташриф билан Ххрда бўлиб турибди.

Жорий йилнинг 6-июл куни делегация Хунан провинсиясининг Вокси олтин-сурма-волфрам конини ўзлаштираётган ҳамда етакчи тоғ-кон корхоналаридан бири ҳисобланган "Чжоу Чен" компаниясига, шунингдек, Тоғ-кон иши тарихи музейига ташриф буюрдилар. Ташрифдан кўзланган мақсад — фойдали қазилмаларни қазиб олиш, нодир ва ноёб металларни комплекс бойитиш ҳамда ишлаб чиқаришни рақамлаштириш соҳасидаги илғор Хитой тажрибасини ўрганишдан иборат бўлди.

Ташриф корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари билан танишишдан бошланди. Ўзбекистонлик мутахассислар замонавий бошқарув диспетчерлик маркази фаолияти билан танишдилар. Бу ерда ер ости хавфсизлик датчикларидан тортиб, тозалаш иншоотларининг экологик кўрсаткичларигача бўлган барча жараёнлар реал вақт режимида назорат қилинади.
​Делегацияда оғир тоғ-кон ва шахта ускуналари, хусусан, ишчиларни 1000 метрдан ортиқ чуқурликка тез ва хавфсиз етказиб беришни таъминлайдиган замонавий шахта кўтаргичлари алоҳида қизиқиш уйғотди. Шунингдек, олимлар бойитиш фабрикаси қувватларини батафсил ўргандилар. Вокси конининг ўзига хослиги шундаки, у дунёда олтин, сурма ва волфрам битта рудадан биргаликда қазиб олинадиган саноқли конлардан биридир. Хитойлик муҳандислар меҳмонларга ушбу компонентларни ажратиб олиш технологияларини намойиш этдилар. Айнан шу технологиялар туфайли корхона кимё ҳамда тоғ-кон ва металлургия саноатида муҳим хомашё ҳисобланган сурма ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келмоқда.

​ Ташрифнинг иккинчи босқичи Тоғ-кон иши тарихи музейига саёҳат бўлди. Бу ерда делегация асрий анъаналар замонавий технологияларга қандай трансформация бўлганига гувоҳ бўлди.
​Учрашув якунида томонлар "давра суҳбати" ўтказдилар ва унда геология ҳамда тоғ-кон иши соҳасида икки томонлама илмий-техникавий ҳамкорликни фаол кенгайтиришга келишиб олдилар.
​ Фикр алмашиш давомида олимлар Ўзбекистон ҳудудида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун юқори салоҳият мавжудлигини таъкидладилар. Хусусан, муҳим географик устунлик қайд этилди: Хунаннинг қалин ўсимликлар билан қопланган тоғ-кон ҳудудларидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон ландшафти асосан очиқ ва ўрмон массивларидан холи. Бу эса майдонли геологик қидирув ишларини, шу жумладан замонавий аэрокосмик ва масофадан зондлаш усулларини қўллаган ҳолда ўтказишни сезиларли даражада осонлаштиради, тезлаштиради ва арзонлаштиради.

Хитой томони Ўзбекистондаги истиқболли конларга ўзининг бойитиш технологияларини трансфер қилишга юқори қизиқиш билдирди, бу эса келажакдаги қўшма кашфиётлар учун мустаҳкам пойдевор яратади.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими