+998 79 223 42 15

Атоқли олим шарафига халқаро анжуман

2 дақиқа 3 677 кўришлар

2025-йилнинг 27-ноябрида Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида академик Содиқ Азимов таваллудининг 111 йиллигига бағишланган “Академик С.Азимов илмий мероси: фундаментал фандан саноат инновацияларигача” номли халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлими раҳбарияти ва илмий ходимлари фаол иштирок этдилар.

Атоқли физик олим, академик, ядро физикаси соҳасининг йирик вакили Азимов Содиқ Азимович ўзи ишлаб чиққан усул ёрдамида космик нурлар таркибида мезонларга дахлсиз электрон ва фотонлар мавжудлигини исботлаган. Помир тоги тепасидаги стансияда (денгиз сатҳидан 3900 м баландлиги) ўз ходимлари билан биргаликда космик нурлар ва ядроларнинг ўзаро таъсирини ўрганиш борасида олиб борган илмий изланишлари электрон-ядро оқимларини кашф этиш имконини берган. Олим ўта юқори энергияли ядро жараёнлари ўрганиладиган тоғ стансияси қурилишини ташкил этган.

С.Азимов раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Физика-техника институтида қуёш нури энергиясидан фойдаланиш усули асосида ўта соф яримўтказгич материаллар олишнинг янги технологияси ишлаб чиқилган ҳамда 1987 йилда Паркент туманида 1 мегаватт қувватга эга консентратори бор ноёб қуёш печи барпо этилган. Академик ядро физикаси, юқори энергиялар физикаси ва юқори ҳароратли гелиоматериалшунослик илмий мактабларига асос солган.

Академикни шахсан таниган ва уни ўзларининг илмий раҳбари деб билган пленар мажлисда маъруза қилган кўплаб олимлар Содиқ Азимовичнинг нафақат илм-фан равнақига қўшган беқиёс ҳиссасини, балки унинг очиқкўнгиллиги, мулоқотчанлиги, инсонпарварлиги, юксак маънавий-ахлоқий тамойилларини ҳам катта эҳтиром билан эслаб ўтдилар.

Маъруза қилганлар орасида Навоий бўлими раиси ўринбосари Қувондиқ Нурбоев ҳам бўлди. У ўз тақдимотида радиометрлардан кон-металлургия саноати ва сейсмология соҳасидаги амалиётда фойдаланиш имкониятлари ҳақида сўз юритди. Таъкидланишича, мазкур асбоблардаги қўлланилаётган датчикларнинг асосида айнан С.Азимов томонидан яратилган илмий ишланмалар ётади. Радиометрлар ихчам бўлиб, инсон саломатлиги учун хавф туғдирувчи радон газининг миқдорини аниқлаш имконини беради. Маълум бўлишича, радон зилзилалар олдидан ер ости қатламларидан кўп миқдорда ажралиб чиқаркан. Шунинг учун маълум чуқурликда радон консентрациясини мунтазам кузатиб бориш орқали бўлажак зилзила ҳақида олдиндан огоҳлантириш имконияти пайдо бўлади. Ҳозирда бу борадаги синов-тажрибалари давом этмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, улуғ олим С.Азимовнинг бой илмий мероси бугун ҳам атрофимиздаги оламни яхшилашга, унинг тараққиётига ҳисса қўшишда давом этмоқда.

ФА Навоий бўлими матбуот хизмати.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими