Икки ҳафта давом этган иш сафарида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлими раиси Абдуразак Мирзаев, халқаро алоқалар ва тижоратлаштириш масалалари бўйича раис ўринбосари Қувондиқ Нурбоев ҳамда Геология, қазиб олиш, қимматбаҳо, рангли металлларни ва уранни қайта ишлаш бўлими мудири Шерзод Шариповлар Хитой Халқ Республикасининг Урумчи, Қашғар, Синъсин ва Пекин шаҳарларида иш сафарида бўлдилар. Ташрифнинг мақсади расмий таклифга биноан “Ипак йўли” тоғсаноат ҳамкорлиги форумида илмий маърузалар билан иштирок этиб, тадбир доирасида ва ундан ташқарида хитойлик муассаса ва корхоналар билан икки ва кўп томонлама музокаралар ўтказиш эди.
Форумда Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Мўғулистон ва бошқа ўнлаб давлатлардан делегациялар тўпланди ва иккита алоҳида анжуманлар бўлиб ўтди. Унда импорт қилинаётган минерал ресурсларни қайта ишлаш масалалари ва Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном раёни (Шуар) Қашғар округида минерал саноат соҳасида ҳамкорлик устуворликлари муҳокама қилинди. Иштирокчилар инвестиция лойиҳаларини тақдим қилишди ва минтақанинг фан ва техника ютуқлари билан танишиш учун саноат-иқтисодий зонага ташриф буюрдилар.

Навоий бўлими раиси маърузасида таъкидлашича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсатлари натижасида мамлакат сўнгги йилларда дунёга кенг очилди: бугунги кунда 80 дан ортиқ давлат билан визасиз режим жорий этилган, жумладан Ўзбекистоннинг асосий ҳамкорларидан бири бўлган Хитой билан ҳам. Бу икки давлат олимлари ва бизнес тузилмалар ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар яратади. Ҳозирги кунда Навоий бўлими Хитойнинг тахминан қирқтача давлат муассасалари, институтлари ва компаниялари билан меморандум ва келишувларга эга. А.Мирзаев бу рўйхатни кенгайтириш ва геология, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, бойитиш ҳамда қайта ишлаш соҳаларида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришни таклиф қилди.

Бу таклифга бир қатор хитойлик компаниялар ижобий жавоб қайтарди. Жумладан, қишлоқ хўжалиги, 3Д-чоп этиш ва моделлаштириш соҳаларида хизмат кўрсатувчи “Қуифеи Смарт Services Co., Лтд.” ва янги энергия автомобиллари ҳамда тоғ-кон саноати учун махсус техникани ишлаб чиқарадиган Геэлй холдинги кабилар. Навоий бўлими улар билан ҳамкорлик тўғрисида меморандумларни имзолади.
Сафар мобайнида олимлар Шинжон-Уйғур автоном раёнининг болалар шифохонасига ташриф ўтказдилар. Учрашувда Навоий вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази билан ҳамкорлик ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва Хитой педиатрлари ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш масъулияти Фанлар академияси Навоий бўлими ва Шуардаги Илм-фан ва техника ривожланиши стратегиялари институтига юкланди. Бу қарор октябр ойида бўлиб ўтган онлайн йиғилишда илгари сурилган эди. Ноябрдаги музокаралар якунида икки томонлама келишувлар имзоланди ва Хитой томонидан расмий хат юборилди. Ҳамкорлик доирасида болалардаги неврологик ҳамда критик ҳолатларнинг эрта ташхисланиши ва даволаш методларини ўрганиш, когнитив бузилишлар бўйича тадқиқотлар, тажриба алмашинуви ва мутахассисларнинг малакасини ошириш режалаштирилган.

Яна бир имзоланган муҳим ҳужжат — бу Шинжоннинг “Жинчен” энергетика технологияларини ривожлантириш компанияси билан биргаликда “Саноат, қишлоқ хўжалиги ва тоғ-кон саноатида инновацион технологияларни ривожлантириш ва жорий этишга кўмаклашиш бўйича Ўзбекистон–Хитой халқаро марказини ташкил этиш тўғрисида”ги келишувдир. Марказ Фанлар академияси Навоий бўлими қошида ташкил этилиши ҳамда илмий тадқиқотлар, саноат ишлаб чиқариш ва энергетика соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириши кўзда тутилган.

Пекинда навоийлик делегация Хитой Геологик фанлари академиясининг Геомеканика институтига ташриф уюштирди. Асосий таҳлил мавзуси — келажакда қурилиши режалаштирилган “Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон” темир йўли маршрути бўйлаб геологик изланишлар олиб бориш бўйича халқаро лойиҳаларни тайёрлаш бўлди. Темир йўл қурилиши тоғ тизмалари орқали туннел ётқизишни ўз ичига олади, бу тоғ жинсларининг таркиби ва тузилишини таҳлил қилиш ҳамда тектоник ёрикларни ўрганиш учун ноёб имкониятларни очиб беради, бу замонавий релефнинг шаклланиш босқичларини аниқлаштиришга ёрдам беради.

Томонлар қурилиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган ер кўчиши жараёнлари, деформация ва узилишлар масалалари юзасидан фикр алмашдилар ва қўшма тадқиқотлар бошлаш, геомеканик моделлаштириш олиб бориш, сунъий интеллект технологияларини қўллаш, хавфсизлик мониторинги тизимларини жорий этиш ва маълумот алмашиш учун ягона платформа ташкил этишга келишди. Шунингдек, Қирғизистон мутахассисларини ҳам шерик сифатида жалб этиш муҳимлиги қайд этилди. Яқин кунларда Навоий бўлими ходимларининг Қирғизистонга иш сафари режалаштирилган.
Кейинчалик Геомеканика институтида илмий муассасалар ва савдо компаниялари вакиллари иштирокида кенгайтирилган семинар ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 июндаги қарори билан Фанлар академиясининг Навоий бўлими зиммасига юклатилган вазифалар орасида халқаро ҳамкорликни ташкил этиш, шунингдек, ҳудуднинг технологик ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишига қаратилган илмий тадқиқотларни мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш алоҳида ўрин тутади. Шу муносабат билан А.Мирзаев хитойлик ҳамкасблар олдига икки ташаббусни илгари сурди.
Биринчиси — бозор конъюнктураси таҳлили асосида инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва тайёрлашга ихтисослашган Халқаро консалтинг марказини ташкил этишдир. Марказ инвесторлар учун ускуна ва товар хусусиятларидан келиб чиқиб индивидуал лойиҳалар ишлаб чиқади, Ўзбекистон ва Марказий Осиё бозорлари эҳтиёжларини, хомашё базасини, экспорт салоҳиятини ва локализация давлат дастурларига мувофиқлигини ўрганади. Бу инвесторлар учун истиқбол ва хатарларни тез ва аниқ баҳолаш имконини беради.
Иккинчи ташаббус тадбиркорларга қаратилган бўлиб, Хитойнинг Ўзбекистонга инвестицияларини мувофиқлаштириш учун халқаро ахборот-таҳлил бизнес марказини ташкил этиш билан боғлиқ. Лойиҳа икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг жадал ўсишига асосланган. Марказ кўп тармоқли тузилишга айланади, жумладан Хитой компаниялари учун офис қаноти, йирик ускуналарни намойиш қилиш учун кўргазма павилёни биноси, шунингдек, хитойлик ишлаб чиқарувчиларнинг товарларини сотиш учун мини-бозор. Бу ерда ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳам Хитой компанияларига ўз маҳсулотларини таклиф қилишлари мумкин бўлади. Бу савдо ва инвестицион фаолликни кенгайтириш учун шароит яратади ва минтақанинг халқаро шериклар учун жозибадорлигини оширади.

Лойиҳа бир неча хитойлик компаниялар билан кооперация шаклида амалга ошириш таклиф этилди. Навоий вилояти халқаро юк самолётларини қабул қила олувчи аэропорт ва эркин иқтисодий зона мавжудлиги туфайли қулай географик аҳамиятга эга. Навоий бўлими шартнома асосида консултатив хизматлар кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Бундан ташқари, навоийлик олимлар тоғ жинсларини майдалаш ускуналари ва тегирмонларини ишлаб чиқарувчи “Ҳенан Wanshi Ҳенгтонг” ва ем-озуқани қайта ишлашга ихтисослашган “Product Пҳилосопҳй” каби компанияларининг саноат устахоналарида бўлдилар. Делегация технологик жараёнлар билан танишди ва ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Фанлар академияси Навоий бўлими раҳбарияти ва тадқиқотчиларининг Хитойга амалий ташрифи икки мамлакат олимлари ва тадбиркорлари ўртасидаги илмий, ишлаб чиқариш ва сармоявий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлди. Музокаралар, имзоланган ҳужжатлар ва келишувлар келгусидаги қўшма лойиҳалар ва ҳамкорликни чуқурлаштириш учун асос бўлиб хизмат қилади.
ФА Навоий бўлими матбуот хизмати.