+998 79 223 42 15

Кун тартибида — экологик масалалар

4 дақиқа 3 678 кўришлар

2025 йил Ўзбекистонда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”, деб э'лон қилинган. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлими бир қатор меморандум ва келишувларни имзолади, уларнинг мақсад ва вазифалари йил номланишига ҳамоҳангдир.

Иккита ҳужжат 15 апрел куни бўлиб ўтган “Глобаллашув шароитида экологик хафсизликни та'минлаш ва ер, сув ресурсларидан фойдаланишни модернизасия қилиш” мавзусидаги республика илмий-амалий анжумани доирасида расмийлаштирилди. Унда Навоий бўлими олимлари ма'рузалар билан фаол иштирок этди. Анжуманда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан илмий ташкилотлар ходимлари ва олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, шунингдек, онлайн тарзда хорижлик ма'рузачилар иштирок этди. Тадбир ташкилотчиси Навоий инновациялар университети бўлиб, у билан Бўлим ҳамкорлик меморандумини имзолади.

Тадбирда сувни тозалаш ва шўрсизлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини та'минлаш, ерларни чўлланиши ва ҳаво ифлосланиши муаммолари, зараркунандаларга қарши курашиш ва биохилма-хилликни сақлаш каби масалалар кўтарилди. Жумладан, Денов тадбиркорлик ва педагогика институти вакиллари Навоий вилояти учун долзарб бўлган тупроқ деградасиясининг олдини олиш масаласини кўтарди ва бу борада органик-минерал ўғитлардан фойдаланиш муҳимлигини та'кидладилар. Улар Навоий бўлими билан ҳамкорлик келишуви имзолашни таклиф этдилар.

Фанлар академияси Навоий бўлими раиси Абдуразак Мирзаев ушбу таклифни қабул этар экан, айни пайтда Россия Фанлар академияси Сибир бўлими томонидан ишлаб чиқилган сапропел асосидаги минерал ўғитлар Ўзбекистон шароитида майдон синовларидан ўтказилаётганини ма'лум қилди. Сапропел – чучук сув ҳавзаларининг тубида биокимёвий, микробиологик ва физик-механик жараёнлар натижасида минглаб йиллар давомида ҳосил бўлган органик ва минерал моддалар қатлами.

Шу билан бирга, Навоий бўлимида бентонит асосида шунга ўхшаш ишланмалар ҳам мавжуд. Булар — Ўзбекистонда пахта, буғдой ва бошқа экинларда муваффақиятли синовдан ўтказилган уруғларни экишдан олдин бентонит кукуни билан қобиқлаш ва бентонит таркибли суспензия билан ўсимликларни баргидан озиқлантириш усулларидир.

Та'кидлаш лозимки, жорий йил ушбу технологиялар саксовулда апробасия қилинмоқда. Хатирчи туманидаги «Шерали Бобур-2018» фермер хўжалигининг 7 гектар майдонида 5 миллион дона саксовул ниҳоли экилиб, Навоий бўлими ишлаб чиққан сув тежовчи агротехнологиялар дала синовларидан ўтказилмоқда. Ушбу фермер хўжалиги тегишли «Анвар Элёр Омади» Мчж билан жорий йил январ ойида имзоланган шартнома доирасида илк тажрибалар технологиянинг саксовул учун мослигини кўрсатди, аниқ натижалар тадқиқотлар якунлангач ма'лум бўлади.

Келгусида ушбу ниҳоллардан Орол денгизи қуриб қолган тубига ўрмонлар барпо этиш билан шуғулланувчи ташкилотларга етказиш кўзда тутилган. Чўлдан учиб келадиган туз ва чанг оқимларига қарши самарали воситалардан бири — ҳимоявий яшил камарлар барпо этиш ҳисобланади. Сахро иқлимига мослашган маҳаллий дарахт ва буталар, жумладан саксовул, нафақат қўмларнинг кўчишини тўхтата олади, балки қуруқ ерларга ҳаёт бахшида этиб, экотизимларни тиклаш ва барқарор яйловлар яратишга хизмат қилади.

Навоий бўлими ва Россия Федерациясининг «Аквадженика» Мчж ўртасида ҳамкорликнинг янги босқичи белгиланди. Ушбу компания иссиқ-қуруқ минтақалар учун қайта тикланувчи энергия манбалари ва муқобил тоза ичимлик суви манбалари соҳасида фаолият юритади. Компания раҳбари Сергей Доржиев бошчилигидаги олимлар гуруҳи атмосфера ҳавосидан сув олишнинг ўзига хос технологиясини ишлаб чиқди.

Экспериментал ускуналардан бири «Навоий» ЭИЗ ҳудудига ўрнатилиб, муваффақиятли синовдан ўтказилди. У бир суткада 1000 куб метргача сув ишлаб чиқара олади. Ускуна хорижий аналогларидан фарқли равишда 10 г/м³ дан кам абсолют намлик шароитида ҳам ишлайди, я'ни 4 г/м³ дан бошлаб. Бундан ташқари, ишлаш ҳарорат диапазони ҳам кенгроқ: 15-дан 70°С гача. Ҳозирда турли блокларни такомиллаштириш, самарадорликни ошириш ва энергия сарфини камайтириш бўйича илмий ма'лумотлар тўпланмоқда.

Бу масалалар техник жиҳатдан муҳим бўлса-да, фундаментал тадқиқотлар ҳам зарур. Минтақада тоза ичимлик сувининг муқобил манбалари, атмосфера суви ҳаракати ва келиб чиқиш йўллари, ер ости сувлари заҳираси ва йўқотишлари етарли даражада ўрганилмаган. Шунинг учун бу йўналишларда Навоий бўлими олимлари жалб этилади. Жумладан, янги сув манбаларини излаш ва экстраксия усулларини яратиш, ускуналарни чўл шароитида синовдан ўтказиш каби ишлар режалаштирилган. Келажакда экстракторларнинг серияли ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади — ҳам ички бозор учун, ҳам экспортга.

Навоий бўлими ва «Аквадженика» Мчж ўртасидаги ҳамкорликнинг яна бир истиқболли йўналиши — қайта тикланувчи энергия манбалари орқали электр энергияси олиш мақсадида атроф-муҳит параметрларини ўрганиш ҳисобланади. Ҳозирда ушбу ҳамкорлик келишуви келишиш босқичида. Бу тадқиқотдаги инновация – шамол тезлигини оширувчи қурилмага эга шамол ускунаси. Унда паст потенсиалли шамол оқимидаги тўлиқ босимни бошқа, юқори босимли ҳаво оқими ҳисобига оширишга имкон берадиган эжектор тамойилидан фойдаланилган. Битта бундай қурилма ўртача шамол тезлиги 3 м/с бўлган ҳудудларда 3 квтгача электр энергияси ишлаб чиқара олади.

2024 йил ноябрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев та'кидлаганидек, бугун фақат Ўзбекистон эмас, балки дунёдаги кўплаб давлатлар иқлим ўзгариши оқибатларини қаттиқ ҳис қилмоқда. Ҳаво ва сув ифлосланиши, тупроқ эрозияси, чўллашиш, ёқилғи ресурсларидан назорациз фойдаланиш глобал исиш, табиий офатлар сони ортиши, атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига зарар келтириш каби оқибатларга олиб келмоқда. Энг муҳим вазифалар сифатида яшил технологияларни жорий этиш, сув тежаш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, чиқиндилар муаммосини ҳал қилиш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш белгиланди. Ушбу вазифаларни амалга ошириш ва юқорида санаб ўтилган лойиҳалар доирасидаги ҳамкорлик орқали Навоий бўлими олимлари Юртбошимиз томонидан белгиланган вазифалар ижросига ҳисса қўшиш имкониятига эга бўлади.

Февзи ИСТАБЛАЕВ,

ФА Навоий бўлими матбуот котиби.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими