2024 йил 19 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлимига “Чина Манор Спринг” Мчж ХК вакиллари компаниянинг бош директори Лин Сзян'сю бошчилигида ташриф буюрдилар. Улар билан Навоий бўлими раиси Абдуразак Мирзаев, раис ўринбосари Қувондиқ Нурбоев ҳамда илмий ходимлари музокаралар ўтказдилар.

Хитой сармояси иштирокидаги мазкур хорижий корхона Зарафшон шаҳрида рўйхатдан ўтказилган бўлиб, фойдали қазилма бойликлар, жумладан, гранит қазиб олиш билан шуғулланади. Аммо бош компания манфаатлари доирасида рангли металлар, шу жумладан, мис ва алюминий ҳам мавжуд. Музокаралар давомида томонлар геология, фойдали қазилма бойликларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳаларида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар. Хусусан, маъдан ва номаъдан фойдали қазилмалар конлари истиқболли майдонларини аниқлаш бўйича геологик-қидирув ишларини олиб бориш, бу конларда қазиб олиш ишларини олиб бориш истиқболини илмий асослаш каби йўналишлар муҳокама қилинди. Корхона молиявий ва техник кўмак бериши, Навоий бўлими эса инвесторларни қизиқтирган конларда геологик қидирув ишларини ўтказиш, эҳтимолий заҳираларни илмий тадқиқ қилиш, илмий асосланган хулосалар бериш ҳамда геологик қидирув ишлари ва кейинчалик қазиб олиш ва қайта ишлаш учун зарур рухсатнома ҳужжатларини расмийлаштириш билан шуғулланиши мумкин.
Таъкидлаш жоизки, мазкур корхона вакиллари билан Навоий бўлими илмий ходимлари 14-16 ноябр кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “InnoWeek-2024” халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида учрашган эдилар. Унда Бўлим ўз ишланмалари билан қатнашиб, фаол иштироки учун сертификат билан тақдирланди. Ўшанда музокаралар ўтказилиб, тафсилотларни муҳокама қилиш ҳамда ҳамкорликни тегишли ҳужжат билан мустаҳкамлашга келишиб олинган эди. Бу жараён шу куни Навоий шаҳридаги учрашувда амалга оширилди. Томонлар ўзаро англашув меморандумини имзоладилар.

Бу ҳамкорлик жорий ой бошида Навоий вилоятига ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан берилган топшириқларни бажариш йўлларидан бирига айланиши мумкин. Жумладан, давлат раҳбари тегишли вазирлик, идора ҳамда ташкилотларга, шу жумладан Навоий бўлимига 30 фоиз илмий ходим ва тажрибали геологларини Навоий вилоятининг туман ва шаҳарларига номма-ном бириктириб, уларни бир йилга сафарбар қилиб, янги фойдали қазилмалар захираларини аниқлаш ишларини ташкил қилиш топшириғини бердилар. Бевосита Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигига халқаро компанияларни жалб қилиб, чуқур геологик таҳлиллар асосида, 100та янги конларни тайёр лойиҳа пакети билан тадбиркор ва инвесторларга таклиф қилиш, шунингдек 100 гектардаги 50дан зиёд сочма олтин участкаларига тадбиркорларни жалб қилиш вазифаси юклатилди.
Шу тарзда, ноябр ойининг иккинчи ўн кунлигида Навоий вилоятига Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги вакиллари ташриф буюришди. Улар вилоятнинг турли ҳудудларида маҳаллий тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказдилар. Ишчи гуруҳ таркибига Навоий бўлими илмий ходимлари ҳам киритилди.

Учрашувлар ва мулоқотлар давомида ер қаъри фойдаланувчилари, норуда хомашё қазиб олиб, қурилиш материаллари ишлаб чиқараётган тадбиркорлар, ҳудудларда рухсатнома асосида ер қаъридан фойдаланаётган корхоналар раҳбарларини қизиқтирган масалалар юзасидан тақдимотлар қилинди.
Тадбирларда уларнинг ташкилотчилари томонидан соҳага илм-фан ютутқларини кенг татбиқ этиш таклифлари берилди, тадбиркорларнинг муаммоли масалаларини тезкор ҳал қилиш чоралари кўрилди.
ФА Навоий бўлими матбуот хизмати.