Ўзбекистон-Латвия заводи бунёд этилади
Жорий йилнинг май ойида Латвия Республикаси “BAO” АЖ бошқарув кенгаши раиси Янис Вилгертс Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлими олимлари билан бирга Бўлим раиси Абдуразак Мирзаев бошчилигида Караката фосфорит конининг “Азнек” майдонига ташриф буюрди. Бу ерда конни устки қатлам сиртини очиш ишлари бошлаб юборилган. Болтиқ бўйи давлатидаги компанияга мазкур майдоннинг фойдали қазилмаларини қазиб олишга лицензия берилган.
Сўнги учрашувда биргаликда ҳал қилиниши керак бўлган кўплаб муҳим вазифалар қолган эди. Улар орасида “Азнек” майдонининг 1-сонли конини саноат миқёсида ўзлаштириш бўйича якуний лойиҳа ҳужжатларини тайёрлашдир. Мазкур вазифа Европадан кон иши бўйича юқори малакали мутахассис жаноб Дзинтер Калнишни жалб қилган ҳолда амалга оширилди. Унга бу масалада мазкур фосфорит конида дастлабки кунлардан ишлай бошлаган Навоий бўлим ходими Тўйчи Шукуров ёрдам берди. Янги лойиҳада конни устки қатлам сирти очиш ва қазиб олиш ишларини кенгайтириш кўзда тутилган.
Лойиҳанинг тафсилотларига яқин кунларда бўлиб ўтган давра суҳбати давомида аниқлик киритилди. Суҳбатда юқорида қайд этилган олимлар ва мутахассисларни барчаси қатнашди.
Томонлар қазиб олинган фосфорит рудасини сақлашни ташкил этиш ва уни қайта ишлаш учун ташиш масалаларини муҳокама қилдилар. Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатдики, ўз корхонамизда маъданни бойитиш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш энг мақбул вариант бўлиб, у асосий карьерга имкон қадар яқин жойда қурилиши керак. Бундай ҳолда транспорт харажатлари минималлаштирилади ва тайёр маҳсулотни, яъни қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун ўғитларни таннархи пасаяди.
Конимех тумани ҳокими Муратхан Эгамқулов билан учрашув бўлиб ўтди ва ўғитлар ишлаб чиқариш кичик тажриба заводини қуриш майдончасини аниқлаш учун конга борилди.
Шунингдек, Навоийда бўлиб ўтган учрашувда корхонани Конимех туманида эркин иқтисодий зона аъзоси сифатида рўйхатдан ўтказиш вариантлари муҳокама қилинди. Бунинг учун «Навоий» ЭИЗ дирекцияси» АЖ бош директори Ҳабиб Абдуллаев бошчилигидаги «Навоий» ЭИЗ вакиллари билан музокаралар ўтказилди. Латвиядан келган тадбиркорлар ЭИЗнинг иштирокчиси мақомини олиш механизмлари ва натижада юзага келадиган имкониятлар, хусусан, завод қуриш учун ер участкасини ажратиш, солиқларни тўлаш ҳамда ва тайёр маҳсулот экспорти учун бериладиган имтиёз ва преференциялар тўғрисида батафсил маълумот олдилар. Аммо, аввало тўғридан-тўғри сармоя миқдорини кўрсатадиган техник-иқтисодий асосни тайёрлаш зарур эканлиги таъкидланди. Ҳозирги кунда ушбу ҳужжат тайёрланмоқда.
Эслатиб ўтиш жоизки, жорий йил охирига қадар Латвиялик компания “Азнек” фосфорит конини қазиб олиш лойиҳасига камида 3 миллион АҚШ долларилик кончилик ишлари техника ва транспортлари шаклида инвестициялар киритади.
ФА Навоий бўлими матбуот хизмати.