ЯНГИ КОНЛАРНИ ЎЗЛАШТИРИШ - ДАВР ТАЛАБИ


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси, Инновацион ривожланиш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳамда Ёшлар иттифоқи марказий кенгаш хамкорлигида Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон Республикасида геология соҳаси самарадорлигини оширишда илмий-тадқиқот муассасалари ролини оширишнинг долзарб масалалари” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди.

 

 

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлими раиси, геология-минерология фанлар доктори Абдуразак Мирзаев ҳам қатнашди ва “Ўзбекистон Республикасида геология соҳаси самарадорлигини оширишда илмий-тадқиқот муассасалари ролини оширишнинг долзарб масалалари” номли маърузасини ўқиб мавзуга оид ўз фикраларини билдирди.

А.Мирзаев маърузасида Ўзбекистонда сўнгги йилларда илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг интеграциясига катта эътибор қаратилаётганлигини қайд этиб, бир пайтлар республикамизда геология анча ривожланганлиги, рақобатбардош соҳа бўлганлигини, ҳатто бошқа давлатлардан келиб, юртимиз геология йўналишидаги мутахассисларидан тажриба ўрганиб кетишганларини, бугунги кунда эса геология соҳаси анча оқсоқ ҳолатга келганлигини, охирги ўттиз йилда бу соҳа эътибордан четда қолиб кетганлиги, бир пайтлар дунё тан олган илмий мактаб вакилларининг бугун тарқоқ ҳолда илмий фаолият олиб бораётганлигини ҳамда янги ташкил этилаётган Ўзбекистон геология фанлари университети олимлар ва етук мутахассисларни бир жамоага бирлаштиришнинг юқори самара беришини таъкидлаб ўтди. Эндиликда қандай қилиб бу соҳани ривожлантириш, бир пайтлардагидек ўша янги кучли илмий салоҳиятли мактаблар ҳолатини қайтадан тиклаш ҳамда етук кадрларни тайёрлаш масалаларига тўхталди.

Шунингдек, бошқа соҳалар сингари геологияда ҳам соғлом рақобат муҳити яратиш кераклиги ҳақида гапирди. Чунки рақобат ҳар қандай янгиликнинг яратилишига туртки бўладиган, янги ғояларни пайдо бўлишига зарурат туғдирадиган ривожланишнинг ҳаракатлантирувчи кучдир. Геология соҳасида соғлом рақобат муҳитини ташкил этиш учун Навоий вилоятида олтин, кумуш, волфрам, молибден, графит, фосфорит, қўйинки, Менделеев даврий жадвалидаги элементларнинг қарийиб барчаси мавжудлиги, ҳудуд нафақат маъдан ва номаъдан бойликларга бой, унда техноген ҳосилалар ҳам жуда кўплигини инобатга олиб давлат-хусусий шериклик асосида ФА Навоий бўлими қошида мобил геология қидирув отрядини ташкил этишни таклиф этди.

Геологик тадқиқотларни олиб бориш имкониятига эга бўлган Давгеолқўм экспедицияларида техник имкониятлар ва юқори малакали мутахассислар бор, лекин биринчи навбатда улар ўзларига юклатилган геология қидирувининг давлат дастури доирасида ишлашади. Буни албатта инвестор тушинган ҳолда ўзи танлаган объектда геология қидирув ишларини сифатли ва тезкор олиб бориш имкониятига эга бўлган муқобил корхонани қидиради, натижада боши берк кўчага кириб қолади, бу эса ўз навбатида инвесторларга таклиф қилинаётган конларнинг инвестицион жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатади. Ушбу муаммони таклиф қилинаётган мобил геология қидирув отряди самарали бажариши мумкинлигини айтиб ўтди.

 

 

Олим тадбир иштирокчиларининг диққатини ушбу масалага қаратди ва техноген чиқиндиларни қайта ишлаш, геологик-қидирув ишларини олиб бориб янги конларни ўзлаштириш давр талаби эканлигини таъкидлади.

Ҳозирги кунда Навоий бўлимида олиб борилаётган илмий-тадқиқотлар мазмун моҳияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинаётган янги лойиҳалар танловларига қатнашиш учун Бўлимнинг ёш олимлар ва докторантлари томонидан тайёрланган лойиҳалар тўғрисида батафсил маълумот берди.

Бундан ташқари, А.Мирзаев мазкур коференцияда экологияни яхшилаш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, юртимизни боғу-роғларга айлантиришга йўналтирилган Навоий бўлими олимлари томонидан тайёрланган инновацион лойиҳалари тўғрисида ҳам қисқача маълумот бериб тадбир иштирокчиларини ҳамкорликка чақирди.

Пойтахтдан қайтгач, А.Мирзаев Навоий бўлими ходимлари ва дакторантлари билан суҳбатлашиб, эндиликда Бўлим олимлари Юртбошимизнинг ишончларини оқлаши кераклигини, янги истиқболли конларни очишда ўз билими, тажрибасини ва бор салоҳиятини ишга солган ҳолда ҳар бир олим ўз устида тинимсиз ишлаши, илмий салоҳиятини ошириб бориши кераклигини такрор ва такрор таъкидлади.

Навоий бўлими матбуот хизмати.


Yangiliklarni telegram kanalimizda kuzatib boring!