+998 79 223 42 15

Қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясининг аҳамияти

4 дақиқа 3 832 кўришлар

Навоийвилоятидаташкилэтилганилм-фанваишлабчиқаришнингфаолинтеграциялашувжараёнинатижасидаО`зрФАНавоийбоʼлимива "Электрокимёзавод" ҚК АЖҳамкорлигидаянгиинновационпрепаратларяратилди.

Маълумотларга қараганда, қишлоқ хўжалиги экинларига озиқа сифатида берилган азотнинг - 20, фосфорнинг - 20 ва калийнинг – 40-50 фоизигина ўсимликлар томонидан ўзлаштирилади. Азотнинг бир қисми нитрит ва нитрат сифатида ҳавога чиқиб кетса, бир қисми тупроқнинг пастки, илдиз етмаган чуқурликларга, яна бир қисми эрозион жараёнлар натижасида тупроқ билан бирга ювилиб кетади. Калий ҳам тўлиқ ўзлаштириб улгурмасидан горизонтал ва вертикал ҳолатда тупроқдан ювилади. Берилган фосфорнинг ўсимлик томонидан кам ўзлаштирилишининг сабабларидан бири унинг тупроққа тушгандан кейин ўзлаштириладиган ҳолатга қийин ўтишидир ҳамда Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон тупроқлари таркибида карбонат ионлари миқдорининг кўп бўлишидир.

Ушбу ҳолатлар ўсимликка оптимал равишда керак бўлган элементларни етказиб беришда салбий таъсир кўрсатади. Бу камчиликни тўлдириш учун ўсимликни баргидан қўшимча озиқлантириб, унинг ўсиши, ривожланишига замин яратиш орқали мўл ва сифатли ҳосил етиштириш мумкин. Бунда экинларни баргидан озиқлантириш учун суспензия қўлланилганда ўсимлик озиқа моддаларини илдиз орқали эмас, барг ва поялари орқали ўзлаштиради. Баргга тушган суспензия ўсимлик тўқималарига сўрилиб, озуқа сифатида ишланади.

Келтирилган жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда республикамиз олимлари томонидан ўсимликларни баргидан озиқлантиришда нисбатан тўлиқ ўзлаштириладиган препаратлар устида кўпгина изланишлар олиб борилган ва ўз ижобий натижасини бериб келмоқда.

Худди шундай препаратлар О`зр ФА Навоий бўлими ва “Электрокимёзавод” ҚК АЖ ҳамкорлик меморандуми асосида ишлаб чиқарилмоқда. Завод ҳудудида қишлоқ хўжалигида экинлардан юқори ва сифатли ҳосил олишда қўлланиладиган кимёвий препаратларни ҳамкорликда ишлаб чиқариш мақсадида Навоий бўлимининг "Ишлаб чиқариш полигони" ташкил этилган бўлиб, “Калиюм”, “ЛГМК” пастаси, “ГЕКТАР” комплекси, “Элсмик” каби стимуляторлар, бентонитли олтингугурт ва “СИП-70” суспензион препаратларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Макро, микро, мезо элементларга ва биоорганик моддаларга бойитилган “ГЕКТАР” комплекс препаратлар тўплами барча экин турларига қўлланилиши мумкин бўлган комплекс бўлиб, тўплам таркибида “Калиюм” - универсал микроэлементлар билан бойитилган калийли мураккаб ўғити мавжуд. Микроэлементлардан бор, темир, мис ва молибденларни ўз ичига олган.

Ўз навбатида ўсимликларга универсал микроэлементлар билан бойитилган калийли мураккаб ўғит қўлланилганда ўсиш жараёни тезлашади ҳамда ташқи муҳитнинг ноқулай таъсирига курашувчанлиги кучаяди, гуллаш ва мева тугиш жараёни тезлашади. Шу билан биргаликда барча қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигининг ошишини таъминлайди.

Комплекс таркибига кирувчи яна бир препарат “ЛГМК” пастаси ўсимликларни илдиз тизимини, ўсиш ва ривожланишини кучайтиради, меваларни тезроқ етилиб пишиши ва ҳосилдорликни ошишига ёрдам беради, ҳосилнинг таъм сифати, ташқи кўриниши ва сақланиш муддати яхшиланишини кафолатлайди, тупроқдаги микроорганизмлар ҳаётий фаолиятини жадаллаштириб, тупроқни соғломлаштиришга ўз ҳиссасини қўшади.

Бундан ташқари, ушбу қўшимча тупроқнинг сув ва ҳаво мувозанатини яхшилайди, кимёвий ўғитлар миқдорини 20-30 фоизгача камайтириш имкониятини берган ҳолда пестицидларнинг салбий таъсирини бартараф этади ҳамда ўсимликларда макро ва микро элементларни мукаммал ўзлаштиришини кучайтиради.

Фито-малҳам комплекс препарат таркибига кирувчи асосий компонентлардан ҳисобланиб, ўз навбатида у ўсимликни салбий ташқи муҳит шароитида яшовчанлик қобилиятини оширибгина қолмай, илдиз тизимини ўсиши ва ривожланишини кучайтиради хамда касалликларга чидамлилик даражасини оширади.

Таркибида макроэлементлардан азот ва калсий сақловчи калсийли селитра комплекс препаратнинг яна бир асосий таркибий қисмига киради. Азот нитрат ҳолатида аминокислоталар, оқсил ва хлорофилл синтези жараёнида қатнашиб, баргларнинг умумий ривожига таъсир кўрсатса, калсий эса сувда эрувчан шаклда ўсимликларнинг озиқланишини таъминлайди, ҳосил сифатини оширади, янги ҳужайралар пайдо бўлишини тезлаштириб, ўсимликларнинг танаси ва илдиз тизимини мустаҳкамлайди.

2018-йил июн ойида Қорақалпоғистон Республикасида содир бўлган кучли туз бўрони натижасида пахта далаларига кучли зиён етказилди. Бўрон нафақат Қорақалпоғистон Республикаси, балки қўшни Хоразм вилояти далаларига ҳам салбий таъсир этди.

Ушбу талофат оқибатларини юмшатиш мақсадида Хоразм вилояти пахта далаларида Навоий бўлими олим ва мутахассислари томонидан яратилган “ГЕКТАР” комплекси ва “Элсмик” препаратларидан ғўзани баргидан озиқлантиришда қўлланилди ва пахта ҳосили сақлаб қолинди.

Шу йили Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидаги “Омад ва ишонч”, “Зарафшон машъаласи”, “Ахмад Намоз”, “Гулсевар Ҳилола”, “Гуласал Жавохир”, “Азим Али”, ва “Ғардиён тонги” фермер хўжаликларида жами 130 гектар, Хатирчи ва Навбаҳор туманларидаги қатор фермер хўжаликларининг қарийб 160 га пахта майдонларида икки марта “ГЕКТАР” комплекси препарати билан баргидан озиқлантириш натижасида гектаридан ўртача 3,5-5,5 сентнергача қўшимча ҳосил олишга эришилди.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти пахта далаларида ҳам ушбу препаратларни қўллаш бўйича тадқиқот ишлари ўтказилиб, ҳосилдорликни 20-25 фоизга ошишига эришилди.

Ушбу препаратлар маҳаллий хом-ашёлардан ишлаб чиқарилиши сабабли нархи хорижий аналогларга нисбатан бир неча баробар арзонлиги ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида кенг миқёсда фойдаланиш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш ва 100 дан ортиқ янги қўшимча иш ўринлари яратиш имконини беради.

Шахноза Қодирова,

ФА Навоий бўлими катта илмий ходими,

қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими