+998 79 223 42 15

Пандемия ҳамкорликка тўсиқ бўла олмайди

5 дақиқа 3 682 кўришлар

2021 йилнинг 20 апрелида Ўзбекистон Республикси Фанлар академияси Навоий бўлими ва Тожикистон Миллий фанлар академиясининг илмий-тадқиқот институтлари ўртасида халқаро онлайн илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Унда Тожикистон томонидан ушбу қўшни давлатнинг МФА Висе-президенти Абдусаттор Саидов, Ўзбекистон томонидан Бўлим раиси Абдуразак Мирзаев бошчилиқ қилдилар.

Тадбирнинг мақсади – Навоий бўлими ҳамда Тожикистон Мфанинг ИТИ ўртасида қишлоқ хўжалиги, геология, кончилик иши ва экология соҳасида илмий ва техник ҳамкорликни кенгайтириш.

Семинарда Бўлим олимлари ўзининг илмий ишланмалари билан ҳамкасбларига таништирдилар. Хусусан, пахта чигитини бентонит гиллари кукуни билан қобиқлаб экиш ҳамда ғўзани баргидан озиқлантиришда бентонит гилларининг суспензиясидан фойдаланиш инновасион технологияларни қўллаш ҳақида тайёрланган видео-қўлланмаларни намойиш этдилар.

Бўлим олимлари томонидан 2018 йилдан бошлаб, бентонит гилларидан қишлоқ хўжалигида фойдаланишнинг инновасион усуллари ишлаб чиқилиб, ғаллачиликда, пахтада ва сабзавот экинларида кенг қўлланиб келинмоқда. Бунда, олимларимиз буғдой уруғларини ва пахта чигитини бентонит гиллари кукуни билан қобиқлаб экилиши, ўсимликларнинг сувга бўлган талаби, тупроқдаги намликни бентонит гилларининг сорбентлик ҳусусияти туфайли ўзига жамлаши ҳисобига қониқтирилиши натижасида"стресс"сиз кўкариб чиқиши, ниҳолнинг бақувват бўлиб ўсиши ҳамда ҳосилдорликнинг 10-12 фоизга ошишини республикамизнинг турли вилоятлари экин майдонларида ўтказилган тажриба-синовлари билан исботладилар. 2019 йили мазкур тажриба-синовлари 500 гектар пахта ва ғалла ер майдонларида амалга оширилган бўлса, бу кўрсатгич 2020 йилда тўрт баробарга ошди.

Навоий бўлими олимлари яна бир инновасион усул сифатида экинларни баргидан ўғитлар билан озиқлантиришда бентонит гилларининг суспензиясидан фойдаланиш ҳам ҳосилдорликнинг ошишини тажриба-синовларда исботладилар. Бунда, бентонит суспензиясидан тайёрланган суюқликнинг барг устида ҳосил қиладиган юпқа қобиқ ўсимликдаги микрокапиллярлардан сув заррачаларининг парланишига тўсқинлик қилиши, ўғитнинг максимал ўзлаштирилишига ҳамда ўсимликнинг сувга бўлган талабини кундузи ва кечаси ўртасидаги температура тафовути ҳисобидан ҳосил бўладиган шудринг кўринишидаги атмосферадаги сув заррачаларининг бентонит орқали баргга сингдирилишига имкон бериши ҳисобига самарали эканлиги кузатилди.

Музокара давомида тадбир иштирокчилари амалий натижа борлигини, лекин ўсимликларга бентонитни та'сир этиш механизмини илмий асослаб бериш кераклигини та'кидлаб ўтдилар. Бунинг учун эса ҳамкорликни кучайтириш лозим. Ушбу йўналишлар бўйича Тожикистон Мфанинг Ўсимликлар ботаникаси, физиологияси ва генетикаси институти ҳамда Шириншох Шотемур номидаги Тожик аграр университети вакиллари ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигларини билдириб ўтдилар.

Томонлар халқаро лойиҳа тайёрлаб, ушбу йўналишда фундаментал тадқиқотларни молиялаштириш учун иккала қардошлик республика ҳукуматларига кўриб чиқиш учун топширишга келишиб олдилар. Тожик томони минтақалараро ҳамкорликни ташкил этишни таклиф этди.

Шуни та'кидлаш жоизки, юқорида айтиб ўтилган Навоий бўлимининг ишланмаларига Тожикистон олимлари 2020 йилнинг сентябрида Ўзбекистон Республикасининг фан, адабиёт ва маданият вакиллари қушни давлатга борганида қизиқиш билдирган эдилар. Шундан сўнг 2021-2030 йилларда Тожикистон Республикаси илм-фан, технологиялар ва инновасиялар соҳаларида ривожланиш стратегисига пахтачиликда бентонитларни қўллаш таклифи киритилган.

2021 йилнинг мартида ФА Навоий бўлимига Тожикистон МФА раҳбарияти номидан Бўлим томонидан яратилган ушбу ишланмаларни тақдим этиш учун Душанбе шаҳрига бориш таклифи келиб тушди. Бўлим томонидан сафарга бориш учун катта тайёргарлик ишлари олиб борилди, лекин «Covid-19» коронавирус тарқалиши билан боғлик пандемия вазияти туфайли Бўлим делегасиясини Тожикистон Республикасига ташрифи бекор қилинди. Аммо, режалаштирилган биргаликда олиб бориш лозим бўлган ишлар тўхтамаслиги учун ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва экиш мавсумидан олдин тажриба алмашиш мақсадида вазиятдан чиқиш йўли сифатида онлайн тарзда мажлис ўтказишга қарор қилинди.

Семинарда Навоий бўлими томонидан илгари сурилган қазилмаларнинг башоратланган ва аниқ бўлган захиралари кўрсатилган хариталалар ҳамда янгиланган ма'лумотларни ўз ичига олган “Ўрта Осиё геологияси” илмий рисоласини тайёрлаш ғоясини амалиётга татбиқ этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Ушбу ғояни амалга ошириш учун Марказий Осиёнинг бешта қардош республикалари са'й-ҳаракат қилиш кераклиги туфайли, жорий йилда Навоийда Ҳалқаро форум ўтказилиши ва унга ушбу республикалар ва Россия Федерациясининг геологларини ва тегишли соҳа олимларини таклиф қилиш режалаштирилган. Мазкур форум билим ва тажриба алмашиш доимий майдони бўлиши кутилмоқда. Ҳозирги кунларда тайёргарлик ишлари олиб борилияпти, тадбир санаси ҳали аниқ эмас. Бунга қарамасдан Навоий бўлими дастлабки музокоралар олиб бориб, бир қатор илмий-тадқиқот муассасалар билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Уларнинг ичида семинарда охирги йилларда ҳақиқатдан ҳам геология соҳасида тармоқлаштириш ва таҳлил қилиш зарур бўлган ма'лумотлар кўпайганини тан олиб, ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигини билдирган Тожикистон Мфанинг Геология, зилзилаларга чидамли қурилиш ва сейсмология институти, Қирғизистон Республикаси Мфанинг М.М.Адашев номидаги Геология институти, Козоғистон Республикасининг “К.И.Сатпаэв номидаги Геология фанлари институти” мас'улияти чекланган шерикчилиги. Шунингдек, Россиянинг “Росгеология” АЖ билан Махфийлик тўғрисидаги келишув имзоланган.

Бундан ташқари, Навоий бўлими “Чўл-яйлов озуқа ўсимликлари плантасияларини ташкил этишда, саксовул, чўғон, изен ва бошқа чўл иқлимига мослашган ўсимликлар уруғларини бентонит гиллари кукуни билан қобиқлаб экиш” ҳамда “Тошқазган кони ма'данидан электротехника, металлургия ва кимё саноатида фойдаланишга яроқли бўлган графит бойитмасини олиш” ва “Вауш кони доломитини комплекс қайта ишлаш йўли билан магний оксиди (магнезит) олиш” каби лойиҳалари тўғрисида ма'лумотлар бериб ўтилди. Охирги иккита лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 августдаги ПҚ-4805-сон “Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз та'лим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори 15 банди билан тасдиқланган “Кимё ва биология йўналишидаги илмий ташкилотларнинг истиқболли илмий ишланмаларини тижоратлаштиришни ташкил этиш дастури”га киритилган. Бўлим илмий ходим ва докторантлари ушбу лойиҳалар устида илмий изланишлар олиб бормоқдалар ва дастлабки ижобий натижалар олинмоқда.

Тожикистон олимлари ўз томонидан, нома'дан фойдали қазилмаларни, айниқса фосфоритларни, қазиб олиш, янги қишлоқ хўжалиги маданий ўсимликлар навларини ва уй ҳайвонлар зотларини селексия қилиш ва бошқа долзарб масалаларда ҳамкорлик қилиш истагини билдиришди. Улар яқин кунларда яна бир маротаба онлайн-семинар ўтказиш ва ўз илмий ишланмалари билан ҳамкасбларига намойиш этиш кераклигини айтиб ўтдилар.

Томонлар тарихни таҳлил қилиб, иқтисодиётнинг ривожланиши ва халқни фаровонлиги илмни амалиётга жорий этиш ва инновасияларни ҳар соҳада қўллаш билан боғлиқ эканлигини та'кидлаб ўтдилар. Иккала мамлакатда ҳам олимларни қўллаб-қувватлаш энг юқори давлат даражасида эканлиги исботланди, демак илм-фан арбобларига ҳар доим ташаббус билдириш, энг асосийси, мазкур жараёнга ёшларни кенг жалб этиш устивор йўналишлардан бири ҳисобланади.

Февзи ИСТАБЛАЕВ,

ФА Навоий бўлими матбуот котиби.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими