+998 79 223 42 15

Фосфат қазиб олиш муҳим аҳамиятга эга

2 дақиқа 5 569 кўришлар

Фосфоритлар асосан минерал ўғитлар ишлаб чиқариш учун хом ашё сифатида қазиб олинадиган муҳим фойдали қазилмадир. Бугунги кунда дунёда уларга бўлган талаб йилига ўнлаб миллион тоннани ташкил этади. Шунинг учун фойдали компонентларнинг миқдори ўрта даражалиси билан ҳам фосфоритли янги конларини ўзлаштириш истиқболли ҳисобланади. Навоий вилоятидаги Караката конининг “Азнек” майдони ҳам шулар қаторида.

Бугун бу ерда конни устки қатлам сирти очиш ишлари олиб борилмоқда. Ишни бошлашини назорат қилиш мақсадида майдонга Латвия Республикаси "БАО" АЖ кенгаши раиси Янис Вилгерт ҳамда мазкур аксиядорлик жамияти бўлинмаси бўлган “БАО Resources СИА Лтд” компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонанинг бош директори Равшан Джамалов ташриф буюрди. Ушбу компанияга “Азнек” майдонида фойдали қазилмаларни қазиб олишга лисензия берилган. Латвиялик меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлими олимлари Бўлим раиси, геология-минералогия фанлари доктори Абдуразак Мирзаев бошчилигида ҳамроҳлик қилдилар.

Гап шундаки, Фанлар академияси Навоий бўлими ва Латвия Республикасининг “БАО” АЖ ўртасида 2020 йилнинг март ойида ўзаро келишув меморандуми имзоланган. Хусусан, ушбу ҳужжатда “БАО” Ажнинг тўғридан-тўғри инвестисияларини киритиш йўли билан ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш орқали фойдали қазилмаларни, жумладан, донадор фосфоритларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, техноген ҳамда маиший чиқиндиларини қайта ишлаш, минерал ўғитлар ишлаб чиқаришга имкон яратиш каби вазифалар кўзда тутилган.

“Азнек” майдонидаги рудани дастлабки таҳлили шуни кўрсатдики, таркибидаги фосфор пентоксиди (П2О5) 17 фоиздан 20 фоизгача ёки ундан кўпроқни ташкил этади. Фойдали қазилманинг умумий захиралари 26 миллион тоннадан зиёдни ташкил қилади. Ҳозирги кунда майдонда кон ишлари ижарага олинган техника воситалари ёрдамида амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг охирига қадар Латвиялик компания лойиҳага камида 3 миллион Ақш долларилик кончилик ишлари техника ва транспортлари (ўндан ортиқ дона) шаклида инвестисиялар киритади. Бу биринчи кирим. Умумий инвестисия тахминан 38,5 миллион долларни ташкил этади. 2021 йилда биринчи босқичда биринчи очиқ конни самарали ўзлаштиришни ташкил этишда 70 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади. Умуман олганда, “Азнек” кони ҳудудида тўртта заҳираси тасдиқланган майдон мавжуд бўлиб, уларда бир вақтнинг ўзида қазиб олиш ишлари олиб борилса, ишчилар сони 233 кишига етади.

Томонлар Навоий шаҳрида қўшма корхона ташкил этиш имкониятларини муҳокама қилдилар. Бунда Навоий бўлими илмий-техник ва интеллектуал салоҳияти билан иштирок этади. Хусусан, Бўлим олимлари фосфорит рудаларини қайта ишлаш ва бойитишнинг инновасион технологияларини ишлаб чиқиш бўйича тезкор-таҳлилий тадқиқотлар, илмий-тадқиқот ишларини олиб боришга жалб қилинади. Бўлимда Навоий давлат кончилик институти билан биргаликда ушбу йўналишда ишланмалар мавжуд.

Яқин ойларда Европадан кон иши бўйича юқори малакали мутахассисларнинг келиши кутилмоқда. Улар билан “Азнек” майдонининг 1-сонли конини саноат миқёсида ўзлаштириш бўйича якуний лойиҳа ҳужжатларини биргаликда тайёрлаш режалаштирилган.

ФА Навоий бўлими матбуот хизмати.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими