+998 79 223 42 15

ФА Навоий бўлимининг яна иккита монографияси чоп этилди

2 дақиқа 3 715 кўришлар

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлими томонидан яна иккита монография тайёрланиб, чоп этилди.

Биринчи монография “Нурота минтақасининг статистик металлогеник таҳлили ҳамда олтин ва волфрам конларининг миқдорий башоратланиши” деб номланган бўлиб, 136 бетдан иборат. Унинг муаллифлари – ФА Навоий бўлимининг раиси А.У.Мирзаев ҳамда Л.Р.Садикова, С.Т.Марипова ва Ш.Р.Касимова. Илмий рисола Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси Ҳ.М.Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти билан биргаликда тайёрланди.

Монография Ўзбекистон геологиясида янги математика йўналишининг асосчиси бўлган академик Ф.А.Усмоновнинг “Статистик металлогения”даги назарий ишланмаларининг давомидир. Монографияда математик усулларни геологияда қўллашнинг назарий ва амалий жиҳатлари Нурота минтақаси мисолида кўриб чиқилган. Умумий назарий ва услубий вазифаларга статистик металлогениянинг янада ривожланишини та'минлайдиган ишлаб чиқилган янги математик усуллар ва алгоритмлар киради. Амалий жиҳати эса - миқдорий башоратлаш хариталарини тузиш учун зарур бўлган олтин, волфрам конлари ва рудалар пайдо бўлишининг статистик қонуниятларини аниқлашдир.

Китоб геологлар ва металлогенистларнинг кенг доиралари, шунингдек, геологик Отмларининг ўқитувчилари ва юқори курс талабалари учун мўлжалланган.

ФА Навоий бўлими илмий котиби Дж.Р.Гулямов, халқаро алоқалар ва тижоратлаштириш масалалари бўйича раис ўринбосари Қ.М.Нурбоев, раис А.У.Мирзаев ҳамда В.Ж.Анваровалар муаллифлигида бўлган “Нейропедагогиканинг назарий-методологик асослари” номли иккинчи монографияда нейропедагогиканинг фан сифатида юзага келиши, унинг назарий жиҳатлари ва амалий аҳамияти, фан сифатидаги мақсади, вазифалари, мазмуни, диагностика методлари ҳамда нейропедагогик та'лим муҳити, ўқувчиларнинг нейропедагогик хусусиятларини ҳисобга олган ўқитишнинг нейропедагогик метод ва технологияларини та'лим-тарбия жараёнида қўллаш йўллари ёритилган.

Мазкур монография 160 бетдан иборат бўлиб, педагогика олий та'лим муассасалари бакалавриат ва магистратура босқичи талабалари, педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш курси тингловчилари ҳамда педагогика соҳасида илмий фаолият билан шуғулланувчи барча мутахассислар учун мўлжалланган.

Иккита монографияни ҳам электрон шаклда Фанлар академияси Навоий бўлимининг расмий телеграм-каналига обуна бўлиб, https://t.me/academynav ҳаволаси орқали юклаб олиш мумкин.

Фанлар академиясининг Навоий филиали матбуот хизмати.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими