+998 79 223 42 15

Эронга хорижий сафарнинг амалий натижаси

2 дақиқа 3 285 кўришлар

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлими ҳамда Бухоро шаҳрида фаолият кўрсатувчи кўп тармоқли “Шахбоз Carpet Техтиле” Мчж ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Бу эса Эрон Ислом Республикасининг бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорлик қилишга янги имкониятларини очиб беради.

Гап шундаки, Навоий бўлими “Норуда ва техноген фойдали қазилмалар” таркибий бўлимнинг мудири Бахтиёр Сабиров ва “Шахбоз Carpet Техтиле” Мчж вакили Ашраф Ходжаевлар 2023 йил 28 май - 11 июн кунлари Эронда хизмат сафарида бўлишиб, Язд вилоятининг бир неча йирик саноат ҳудудларидаги ишлаб чиқариш корхоналарининг фаолияти билан танишдилар. Сафар давомида олиб борилган музокаралар асосида Эроннинг “Каши Ширкооҳ Язд Co” компанияси ва “Шахбоз Carpet Техтиле” Мчж ўртасида Ўзбекистонда бойитилган каолин хом ашёсини Эронда қайта ишлаш ва Ўзбекистон ички бозорини та'минлаш учун тайёр керамик кошинлар ва санитар-техник буюмлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик келишувга эришилиб шартнома имзоланди.

Айнан ушбу ҳамкорликни илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда каолин ва бошқа табиий минерал хом ашёларнинг янги заҳираларини қидириб топиш, қазиб олиш, бойитиш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган технологик жараёнларда консалтинг хизматларини кўрсатиш, истиқболда Ўзбекистон ҳудудидаги ҳали фойдаланилмаётган табиий минерал хом ашё заҳираларидан фойдаланишга қаратилган фаолиятни биргаликда мувофиқлаштириш, бундан ташқари Навоий бўлими олимларининг ишланмаларини амалиётга жорий қилиш, хусусан қоракўл қўйларининг генетик даражада тадқиқ этишга бағишланган изланишлар натижаларидан кенг фойдаланиш мақсадида Бўлим ва Мчж ўртасида меморандум тузилди.

Мазкур ҳамкорликнинг дастлабки қадами сифатида хўжалик шартномаси ҳам тузилди. Шартномага асосан “Шахбоз Carpet Техтиле” Мчж буюртмаси асосида ФА Навоий бўлими томонидан “Бойитилган каолин хом ашёсини божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашда маҳсулотнинг чиқиш нормалари юзасидан илмий хулоса” тайёрланаши кўзда тутилган.

Та'кидлаш жоизки, Навоий бўлими олимлари томонидан илмий хулосани тайёрлаш учун бойитилган каолин хом ашёсини қайта ишлаш билан боғлиқ бир қисм техник, технологик тадқиқотлар Эроннинг “Каши Ширкооҳ Язд Co” компанияси ва Ўзбекистоннинг “Шахбоз Carpet Техтиле” Мчж корхоналари вакиллари ҳамда технолог-мутахасислари билан аниқлаштириб олинган ва тегишли ма'лумотлар тўпланган. Жумладан, Язд вилояти ҳудуди саноат корхоналарининг керамик кошинлар ишлаб чиқариш бўйича муҳандис-технологи Аҳмад Хасанпур билан биргаликда корхонада ишлаб чиқариш технологик жарёнларининг олиб борилиши, технологик жиҳозлар ва ишлаб чиқаришда хом ашё сарфи, хом ашёни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришдаги сарф ме'ёрлари, йўл қўйиладиган технологик йўқотишлар ме'ёрлари бўйича музокаралар олиб борилган ва зарур ма'лумотлар олинган.

ФА Навоий бўлими матбуот хизмати.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими