+998 79 223 42 15

Тажрибали геологнинг юбилейи

2 дақиқа 1 901 кўришлар

2026 йилнинг 4 апрелида “Геология соҳаси ходимлари куни” арафасида Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети анжуманлар залида Навоий кон-металлургия комбинати фахрийси, Фанлар академияси Навоий бўлими қошидаги “Узтоз олимлар ва меҳнат фахрийлари маслаҳатхонаси” фаол аъзоси, тажрибали геолог Ҳамид Шариповнинг 80 ёшли юбилейига бағишланган тадбир ўтказилди.

Ҳамид Шарипов 1946 йилда Конимех туманида таваллуд топган. 1963–1969 йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирда Миллий университет)нинг Геология факултетида таҳсил олган. Талабалик йиллариданоқ меҳнат фаолиятини бошлаб, 1964–1969 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Геология ва геофизика-гидрогеология институтида лаборант сифатида иш юритган.

1969 йилдан бошлаб унинг меҳнат йўли Навоий кон-металлургия комбинати билан узвий боғланди. Марказий кон бошқармаси тасарруфидаги Мурунтов карерида оддий ишчи вазифасидан фаолият бошлаб, кейинчалик тажрибали геолог сифатида юксак натижаларга эришди. Қарийб 60 йиллик меҳнат фаолияти давомида у Мурунтов олтин кони заҳираларини аниқлаш, Қизилқум саҳроси ҳамда мамлакатимиз бўйлаб геологик-қидирув ишларини олиб боришда нуфузли олимлар билан ҳамкорликда самарали меҳнат қилди. Ҳисор, Сурхон, Бойсун, Яккабоғ тоғлари ва Марказий Қизилқум ҳудудларида маъдан заҳираларининг аниқланиши ана шу изчил меҳнатнинг амалий натижасидир.

Тадбирда қатнашган “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ жамоатчилик билан алоқалар бўйича директори Ҳолмамат Раупов бошчилигида комбинатнинг бир гуруҳ етук мутахассислари Ҳ. Шариповни юқорида санаб ўтилган хизматларини инобатга олган ҳолда юбилярни қутладилар ва “НКМК” АЖ Бошқарув раиси – Бош директори Қувондиқ Санакуловнинг табригини ўқитиб эшиттирдилар ҳамда корхона қарори билан 1-даражали “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони билан тақдирладилар. Шу билан, Ҳамид Шарипов “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони тўлиқ кавалерига айланди.

Шундан сўнг Ндктунинг раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари ҳам ўз дил изҳорларини билдирдилар. Гап шундаки, Ҳ.Шарипов ишлаб чиқариш билан бир қаторда таълим соҳасида ҳам фаол бўлиб, 1970 йилдан 2021 йилга қадар Навоий давлат кончилик институти (ҳозирда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети)да ўриндошлик асосида дарс бериб, кўплаб ёш мутахассисларни тарбиялади. Унинг устозлик фаолияти шогирдлар хотирасида билим ва ҳаётий тажриба уйғунлиги сифатида чуқур муҳрланиб қолган.

Шунингдек, ФА Навоий бўлими раиси Абдуразак Мирзаев ва бўлим қошидаги “Устоз олимлар ва меҳнат фахрийлари маслаҳатхонаси” бошлиғи Муҳаббат Юлдашевалар Ҳамид Шариповнинг ушбу маслаҳатхонада жамоатчилик асосида фаол қатнашиши ва устоз сифатида ёшларга ўрнак бўлганини, унинг ҳаёт ва меҳнат йўли касбга садоқат, меҳнатга муҳаббат ва инсоний фазилатларнинг ёрқин намунаси эканлигини таъкидлаб, юбилярга “ФА Навоий бўлимининг фахрий профессори” унвони берилиши тўғрисида бўлим илмий кенгашининг қарори қабул қилинганлигини эълон қилдилар.

Шуни таъкидлаш жоизки, шахсий ҳаётда ҳам Ҳ.Шарипов ибратли инсон сифатида танилган. У турмуш ўртоғи — комбинатда 40 йилдан ортиқ фаолият юритган Норхол Тоғаева билан 60 йилдан буён тотувликда умр кечириб, 4 нафар фарзандни вояга етказдилар. Бугунги кунда улар 16 нафар невара ва 9 нафар чеварага меҳрибон бобо-бувилари сифатида саодатли ҳаёт кечирмоқдалар. 2025 йилда мазкур оиланинг “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирланиши ҳам бежиз эмас.

Бундан ташқари, тадбир давомида Ҳамид Шариповнинг “Шарафли умр йўллари” номли китоб тақдимоти ҳам ўтказилди.

ФА Навоий бўлими матбуот хизмати,

Расм муаллифлари: Ф.Истаблаев ва О.Мустафоев.

↑↓ танлаш Enter очиш Esc ёпиш
Навоий бўлими