Нуротада олимларнинг сайёр семинари


Нурота туманида 2022 йилнинг 14 июлида Фанлар академияси Навоий бўлимининг сайёр илмий-амалий семинари бўлиб ўтди. Тадбир Бўлим олимларининг қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлигини ошириш ва сувни тежовчи технологияларни жорий этишга йўналтирилган инновацион ишланмаларнинг дала тажриба-синовлари натижалари тақдимотига бағишланган. Мазкур тажрибалар уч йилдан буён Бўлим томонидан ҳамкорлик меморандуми имзолаган “Умрбек” фермер хўжалигининг қишлоқ хўжалиги майдонларида ўтказилиб келинмоқда. Семинар иштирокчилар ва меҳмонлари фермер хўжалигининг далаларида ва асосий марказида фаол фикр алмашдилар.

Семинарда Навоий вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Акмалжон Махмудалиев, Нурота вилояти ҳокими Азамат Файзиев, вилоятдаги қишлоқ хўжалигига оид ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ва фермерлар ҳамда Бўлимининг етакчи олимлар, докторантлар ва стажёр-тадқиқотчилари иштирок этдилар.

Улар жорий йилнинг апрел ойида ташкил этилган павловния плантациясини, лалмикор ерларда буғдой етиштириладиган далани, чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлари уруғчилиги майдонини катта эътибор билан кўздан кечирдилар.

Қайта тикланувчи энергия, энерготежамкорлик ва экология бўлими мудири Ўктам Ҳакимов павловния плантацияси ва кўчатхона Болгария Республикасининг “Paulownia BG” МЧЖ билан ҳамкорликда бир гектар майдонда ташкил этилганлигини айтиб ўтди. Болгария компанияси бош менеджери Джан Дуралов Бўлимга 1000 дона кўчат ва 2000 дона қаламчаларни беғараз ёрдами сифатида уларни Европанинг ушбу мамлакатидан етказиб беришни ташкил қилди. У ўзи ишлаб чиққан технологиянинг барча нозик томонларини тушунтириш мақсадида бир неча бор экиш жойида шаҳсан ташриф буюриб, бугунги кунда дарахтларнинг ўсиш жараёнини тезкор мессенджерлар орқали назорат қилиб келмоқда. Яқин орада бу ерда видеокузатув камералари ўрнатилади, бу эса дарахтларнинг ўсишини онлайн тарзда кузатиш имконини беради. Далада дарахтларнинг илдиз тизимига тўғридан-тўғри керакли миқдорда сув ва озиқ моддалар етказиб бериш имконини берадиган томчилатиб суғориш тизими жорий этилди. Шуни таъкидлаш жоизки, павловния жуда тез ўсадиган дарахтдир. Семинар иштирокчилари дарахтларни кўздан кечириб, бунга ишонч ҳосил қилишдилар. Атиги 3,5 ой ичида дарахтларнинг бўйи ўртача 1,7-1,8 метрни ташкил этди. Технологияга кўра, ўта енгил, аммо бардошли ёғочни олиш учун биринчи кесиш 6-7 йилдан кейин, яъни диаметри камида 30 см бўлганда амалга оширилиши мумкин. Аммо Ўзбекистонда Болгарияга нисбатан қуёшли кунлар сони салкам 1,5 баробар кўп эканлигини ҳисобга олганда, бу жараён 5 йил ичида амалга оширилиши кутилмоқда. Бу бажарилган ишлар ва олинган натижаларни самарадорлиги оширишга имкон беради.

Халқда нонга ҳурмат - элга ҳурмат, деган мақол бор. Дунёдаги бугунги вазиятни инобатга олган ҳолда, лалми ерларда буғдой етиштириш ва мўл ҳосил олишнинг инновацион технологиясини яратиш илмий изланишларнинг истиқболли йўналиши ҳисобланади. Масалан, ўтган йили буғдой устига бентонитли суспензияни пуркаш орқали сепиш бўйича ўтказилган синовлар шуни кўрсатдики, бу технология суғориладиган майдонларда 31,6 фоизга кўпроқ ҳосил олиш имконини беради.

Семинар иштирокчилари суғориш имконияти бўлмаган далада жорий йилда етиштирилган буғдойни комбайн ёрдамида йиғиб-териб олиш жараёнини бошланишини гувоҳи бўлдилар. Бу ерда бошоқли дон экинлари ёмғирли мавсумдагина чанқоғини қондира олган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ҳар гектардан камида 1,5 тонна буғдой йиғиб олинди. Ўриб олинган буғдой келгуси йил экиш учун уруғлик фондига жўнатилади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, бундай буғдой таркибидаги клейковина миқдори суғориладиган ерларда ўстирилгандан бўғдойга нисбатан каттароқдир. Бу кўрсаткич қанчалик юқори бўлса, донли экинлар сифати шунчалик яхши бўлади. Бироқ, жорий тажрибанинг якуний натижалари намуналарни лаборатория синовидан ўтказгандан сўнг қисқа вақт ичида маълум бўлади. Ваҳоланки, Бўлим томонидан ишлаб чиқилган инновацион технологияни 400 гектардан ортиқ ер майдонга жорий этишни бир неча фермер хўжаликлари истагини билдирди.

Айни пайтда мазкур фермер хўжаликларига марказлашган ҳолда хизмат кўрсатиш учун қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиш билан техник кўмак лойиҳасини тайёрлаш, кейинчалик лойиҳани ўзаро манфаатли асосда амалга ошириш кўзда тутилган.

Далада кимё технологияси, нанотехнологиялар ва қишлоқ хўжалиги бўлими мудири Шаҳноза Қодирова Бўлиминг пахтачилик соҳасидаги яна иккита инновацион ишланмада бентонит қўлланилганини таъкидлаб ўтди. Булар - чигитни бентонит гили кукуни билан қобиқлаш экиш ҳамда ғўзани баргидан ўғитлар билан озиқлантиришда бентонит гилларининг 2-фоизлик суспензиясидан фойдаланиш усулларидир. Бентонитнинг сорбцион хоссалари, яъни намликни ўзига сингдириш ва ушлаб туриш қобилияти уруғларнинг стресссиз униб чиқишини ва уларнинг барқарор ўсишини таъминлайди, ўсимликларнинг сувга бўлган эҳтиёжини қоплайди.

Унинг ҳамкасби, таркибий бўлимнинг катта илмий ходими Ўктам Ҳакимов қатнашчиларга Нурота туманида рангли қоракўл қўйларининг генофондидан самарали фойдаланиш истиқболлари тўғрисида маълумот берди. Айни пайтда Бўлимда наслдор қоракўл қўйларининг геномини ўрганиш асосида генодиагностика усулларини ишлаб чиқишга қаратилган амалий лойиҳа амалга оширилмоқда. Керакли ускуналар харид қилиниб, ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

2022 йилда Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳомийлигида жами 14 минг АҚШ долларига геология ва бойитиш соҳасида илмий изланишлар олиб бориш имконини берадиган лаборатория жиҳозлари харид қилинганини алоҳида таъкидлаш жоиз. ХХР биринчи марта 2020 йилда 7000 АҚШ доллари миқдорида молиявий ресурслар ажратган эди. Бу маблағлар сув ва тупроқни кимёвий таҳлил қилиш учун лаборатория асбоб-ускуналарини сотиб олишга сарфланди. Ушбу маълумот ва хизматлар фермерларга тақдим этилди.

Тадбир сўнгида ўз қишлоқ хўжалиги ҳудудларида тадбир бўлган фермер Умрбек Нарзуллаев семинар иштирокчилари ва ҳамкасбларини қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий изланишлар олиб бораётган, инновацион усулларни ўрганиб, тадбиқ этаётган Навоий бўлими олимлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишга чақирди. Хусусан, у бундай ҳамкорлик самарасини ўз мисолида ҳис қилгани, яхши натижаларга эришаётганини айтиб ўтди.

Вилоят ҳокими ўринбосари А.Махмудалиев, туман ҳокими А.Файзиев ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлими раиси А.Мирзаевлар қишлоқ хўжалиги соҳаси етакчи соҳалардан бири бўлиб келган ва шундай бўлиб қолаётганини ва республиканинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласини қамраб олганини алоҳида таъкидладилар. Шу боис, назария ва амалиёт замон билан ҳамнафас бўлиши, энергия ва ресурсларни тежаш, молиявий ресурслардан самарали фойдаланиш муаммоларини ҳал этишни ҳисобга олган ҳолда инновацияларни жорий этиш имконини берадиган олимлар ва фермерлар ўртасида доимий мулоқотни йўлга қўйишни таклиф қилдилар. Илмий тадқиқотларда бу интеграция жараёни ижобий натижаларга олиб келади.

Февзи ИСТАБЛАЕВ,

ФА Навоий бўлими матбуот котиби.


Yangiliklarni telegram kanalimizda kuzatib boring!