Навбаҳорда пахтачилик бўйича илмий семинар-тренинг бўлиб ўтди


2022 йил 22 июлдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Пахтачилик кенгашининг Навоий вилояти Навбаҳор туманида ўтказилган сайёр йиғилишнинг 5-сон баёнида белгиланган топшириқларни бажариш мақсадида 2 август куни Навбаҳор туманида пахтачилик бўйича илмий семинар-тренинг ташкил этилди.

Тадбирда Навоий вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Акмалжон Махмудалиев, Пахтачилик кенгаши қошидаги Навоий вилояти Навбаҳор туманига бириктирилган ишчи гуруҳ аъзолари, «Пахтасаноат илмий маркази» АЖ вакиллари, тумандаги қишлоқ хўжалигига оид ташкилот ва муассасалар, пахтачилик кластерлар раҳбарлари ва фермерлар ҳамда ФА Навоий бўлими олимлари иштирок этдилар.

Семинар-тренингда сўзга чиққанлар 2022 йил 7 июл куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Пахта ҳосилдорлигини ошириш, пахта етиштиришда илм ва инновацияларни жорий қилишнинг қўшимча ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-308-сонли қарори қабул қилинганлиги ҳамда ушбу қарорда пахта ҳосилдорлигини ошириш бўйича янги тизимни жорий қилиш, пахта етиштиришда илм ва инновацияларга асосланган уруғчилик, нав танлаш, ерга ишлов бериш, ўғитлаш, суғориш ишларини йўлга қўйиш орқали пахта-тўқимачилик соҳасида экспорт ҳажмлари ва даромадни ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Пахтачилик кенгаши ташқил этилганлиги ва Кенгаши фаолияти йўлга қўйиладиган Республика бўйича 13та туманлар ичида Навбаҳор тумани борлигини таъкидлаб, ўзларига тегишли тавсияларини фермерларга бериб ўтдилар.

Жумладан, ФА Навоий бўлими “Кимё технологияси, нанотехнологиялар ва қишлоқ хўжалиги” бўлими мудири Шаҳноза Қодирова Бўлиминг пахтачилик соҳасида муайян ишлар олиб борилаётганини таъкидлаб, бентонит қўлланиладиган иккита инновацион ишланма тўғрисида маълумот бериб ўтди. Булар - чигитни бентонит гили кукуни билан қобиқлаш экиш ҳамда ғўзани баргидан ўғитлар билан озиқлантиришда бентонит гилларининг 2-фоизлик суспензиясидан фойдаланиш усулларидир. Бентонитнинг сорбцион хоссалари, яъни намликни ўзига сингдириш ва ушлаб туриш қобилияти уруғларнинг стресссиз униб чиқишини ва уларнинг барқарор ўсишини таъминлайди, ўсимликларнинг сувга бўлган эҳтиёжини қоплайди. Ушбу ишланмаларни қўллаш ўртача 15 фоизгача қўшимча ҳосил олишни имконини беришини айтиб, фермерларни ҳамкорликда ишлашга чорлади.

Бундан ташқари, шу куни Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов жорий йилнинг апрел ойида ФА Навоий бўлими томонидан Болгария Республикасининг “Paulownia BG” МЧЖ билан ҳамкорликда Нурота туманида бир гектар майдонда ташкил этилган павловния плантациясига ташриф буюриб, бажарилган ишлар билан яқиндан танишди.

 

ФА Навоий бўлими матбуот хизмати.


Yangiliklarni telegram kanalimizda kuzatib boring!